РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Chop kilish

Youtube ижтимоий тармоғида “Musaffo_TVR” тамғаси билан Чортоқ туманидан тайёрланган видео тарқалди. Ушбу материални тайёрлаган журналист блогер шаҳар билан вилоятни фарқига бормайдилар чоғи. Йўқса,  “Наманган шахар Чорток тумани...” деб эмас, “Наманган вилояти Чортоқ тумани...” деб ёзган бўлардилар. Бу ҳам майли. Сарлавҳага чиқарилган биргина “ХОКИМИЙАТ КАЧОНГАЧА АЛДАБ КЕЛАДИ БУ ФУКОРОНИ”, деган жумланинг ўзида бир нечта имловий хатоларга йўл қўйилган. “Ҳокимият” сўзи бир жойда “хокимийат”, яна бир жойда эса “Хокимйат” тарзида ёзилган. “Уйдурма”, “mutasadilar”, “ishtadi” каби луғатимизда йўқ ажойиб сўзларни ҳам учратасиз. Тиниш белгиларини ишлатилишинику айтмаса ҳам бўлаверади. Келинг, шу ўринда ёзувлардаги бошқа хатоликлардан кўз юмиб, масаланинг моҳиятига ўтсак.

Видеоматериалда Чортоқ шаҳар “Дўстлик” МФЙ, 2-кичик туман 6-уй 16-хонадонда 2 нафар вояга етган қиз фарзанди билан ижара асосида истиқомат қилаётган Маҳбуба Мирзаеванинг уй-жой билан боғлиқ масаласи кўтарилган. Ҳақиқатан ҳам 1969 йилда туғилган, 1-гуруҳ ногирони бўлган ушбу фуқарога уй-жойга муҳтожлиги инобатга олиниб, Чортоқ тумани ҳокимининг 2017 йил 25 апрелдаги 545-сонли қарори билан “Орзу” уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли 2 хонали уй 5 йил муддатга ижара асосида яшаш учун берилган.

Бу албатта вазиятдан келиб чиқиб кўрилган вақтинчалик чора эди. Чунки, кейинчалик бу аёлни янги уй-жойли фуқаролар сафига қўшиш мақсад қилинган.

Лекин Маҳбуба Мирзаева янги уй керак эмаслигини айтиб, вақтинча  яшаётган коммунал уй-жой фондидаги хонадонни ўз номига хусусийлаштириб беришни талаб қилади. Қизиқ, яшаш учун шароит йўқлигидан нолиётган аёл энди бу уйни ўзиники бўлишини хоҳлаб қолса.

Унинг бу талаби вилоят уй-жой фондини бошқариш департаменти томонидан ёзма равишда рад этилиб, уйни хусусийлаштириш имконияти мавжуд эмаслиги маълум қилинади.

Шундан сўнг “Дўстлик” массивида намунавий лойиҳа асосида қурилаётган янги уйлар таклиф қилиниб, туман ҳокимлигининг тавсияси билан вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан бошланғич тўлов тўлаб берилди.

Лекин видеоматериал муаллифи бу ҳақда лом-мим демайдилар. Аксинча, ҳокимиятни айблайдилар. “Курсида ўтирмасдан ишланглар”, дея танбеҳ берадилар.

Аслида бугунги синовли кунларда оғирроқ бўлишимиз, касбимиздан қатъи назар, ҳар бир масалага биргаликда ечим излашимиз керак эмасми? Зеро, юзакилик, бир ёқлама ёндашув билан ҳеч бир соҳа вакили юртимизда инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлана олмайди.

Чортоқ туман ҳокимлигининг уй-жой коммунал бўлими

 

 

  
© 2014, Namangan viloyat Chortoq tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.chortoq.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.