ПОМИДОР КУЯСИ ЕТКАЗГАН ЗАРАР САБАБ ЯХШИ ҲОСИЛ ОЛМАЯПСИЗМИ?

Chop kilish

ЎСИМЛИКЛАР КАРАНТИНИ ДАВЛАТ ИНСПЕКЦИЯСИ  МУТАХАССИСИ ТАВСИЯЛАРИ

Помидор куяси, жуда яшовчан, об-ҳаво шароитига қараб, агар озуқа етарли бўлса, тўлиқ ривожланувчи ҳашарот ҳисобланади. Капалак, тухум, қурт ҳамда ғумбаклик фазаларини ўтаб, итузумдошлар оиласига зарар келтиради.

Капалаги кичкина, оч кулранг тусли бўлади. Тинч ҳолатда турганда иккала қаноти елкасига йиғилган бўлади.

Зараркунанданинг ипсимон мўйловлари, олд қанотларида кумушсимон-кулранг тангачалари ҳамда ўзига хос қора доғлари мавжуд бўлиши уни аниқлаш учун энг муҳим белгилардан  бири ҳисобланади.

Бундай белгилар қаторига куя қуртининг 1 ёшдан 4 ёшгача бўлган ривожланиш давридаги белгилари ҳам киради.

Бу ҳашаротнинг капалаги асосан тунда фаол ҳаракатланади, кундузи эса ўсимлик баргининг орқа қисмига жойлашиб олади.

Помидор куяси капалаги жуда сезгир, ўсимлик озгина силкитилса, тезда ён-атрофга қараб учиб кетади. Урғочи капалаги асосан ўсимлик баргининг остки, устки ва ўсув нуқталарига, айрим пайтларда эса тупроққа тухум қўяди.

Тухуми цилиндр шаклда бўлиб, янги қўйилган тухумлари оқ рангда, камалаксимон товланиб, кейинчалик вақт ўтиши билан тўқ-сариқ тусга айланади.

Тухумдан чиққан қуртлар оқиш-кулранг, бош қисми эса қорамтир рангда бўлади. Қуртларнинг елка томони биринчи кўкрак сегментида ярим юмалоқ қора доғ мавжуд. Ана шу белгиси билан у картошка куясидан фарқ қилади.

У йилига  10-12 марта авлод бериб ривожланади. Қулай шароитда (иссиқхонада) зараркунанда узлуксиз ривожланиши мумкин. Натижада иссиқхоналар зараркунандани тарқалиш ўчоғи вазифасини ҳам бажаради.

Иссиқхоналар зараркунанда ўчоғига айланмаслиги учун феромон тутқичлардан самарали фойдаланиш, профилактик қарши кураш ишларини олиб бориш ва мутахассис тавсияларига этибор қаратиш зарур бўлади. Бу борда Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси агроном инспекторлари ҳам жойларда назорат тадбирларини олиб боришмоқда.

Помидор куясининг бир авлод ривожланиши 24 кунда тугалланади.

Битта урғочи ҳашарот ҳаёти давомида 260 тагача тухум қўяди.

Ушбу зарарли ҳашарот помидорнинг барги, гули ва ҳосилини зарарлагани учун унга қарши кураш усулларини бирма-бир қўллаш тавсия этилади.

Бунда универсал, яъни сувли тузоқдан фойдаланиш самарали усуллардан бири ҳисобланади. Бунда сувли эритмага помидордан тайёрланган маҳсулот, яъни томат қўшиб ишлатилса, яхши бўлади. Помидор куяси капалаклари эритмага илинади ва капалаклар сонини камайтиради.

Шунингдек, қуйидаги амалларга қатъий риоя қилиш тавсия этилади:

- феромон тутқичлардан мониторинг мақсадида қўлланилганда, делта тузоқларида 5-6 дона капалак кўринганда кимёвий ишлов бериш;

- дала четлари, уватлар ва ариқ-зовурлар атрофларида итузумдошлар оиласига мансуб бўлган бегона ўт қолдиқларидан тозалаш ва йўқотиш;

- помидор етиштириладиган иссиқхоналарни мавсумий дезинфекция ва дезинсекция қилиш;

- помидор куяси учишини аниқлаш мақсадида феромон, сувли ва ёпишқоқ сариқ тутқичлардан фойдаланиш;

- помидор куяси пайдо бўлишини аниқлаш учун 1-2 дона, қарши кураш тадбирлари учун очиқ майдонда 15-20 дона, иссиқхоналарда 10 дона махсус феромон тутқичлар ўрнатиш;

- помидор ҳосили йиғиб олингандан кейин, унинг палакларини зудлик билан даладан чиқариб ташлаб йўқотиш, чуқур кузги шудгорлашни ўтказиш, шўр ювиш, иссиқхона тупроғини эса янгилаб туриш каби агротехник тадбирларни амалга ошириш.

 

Шерзод Юсупов, Аҳрорбек Усвалиев, вилоят ўсимликлар карантини ҳудудий  инспекцияси инспекторлари

  
© 2014, Namangan viloyat Chortoq tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.chortoq.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.