Халқ депутатлари Чортоқ туман Кенгашининг йигирма учинчи сессияси ҳақида

Chop kilish

2021 йил 13 январь куни Халқ депутатлари Чортоқ туман Кенгашининг навбатдаги йигирма учинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, сиёсий партиялар туман кенгаши раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.

Cессияни туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши раиси Анваржон Отаходжаев олиб борди.

Сессия котиби, кун тартиби ва иш регламенти тасдиқланди.

Дастлаб кун тартибидаги биринчи масала Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2020 йил

29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган  Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Мазкур масала юзасидан туман ҳокими А.Отаходжаев атрофлича гапириб ўтди. Депутатлардан О.Махсудов, С.Муродуллаев, Б.Холмирзаев ўз муносабатларини билдиришди.

Шундан сўнг сессия кун тартибидан Халқ депутатлари туман кенгаши котибиятини ташкил этиш, котибият мудири ҳамда котибият бош мутахассисларини тайинлаш тўғрисидаги масала муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 14 сентябрь куни имзоланган «Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, эндиликда Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий-техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш вазифаси ҳокимликлар аппаратидан тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибияти зиммасига ўтказилмоқда.

Маълумот ўрнида, котибият юридик шахс ҳисобланади ва унинг фаолияти маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилади. Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ва ўз номи туширилган муҳрига ва бланкаларга эга бўлади. Котибият тузилмаси, штатлар, ходимларнинг меҳнат ҳақи миқдори ва моддий-техника таъминоти, шунингдек уларни сақлаш харажатлари тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Сессияда Халқ депутатлари туман кенгаши котибияти ташкил этилди. Уч кишидан иборат котибиятга депутатлар орасидан сайланадиган котибият мудири раҳбарлик қилади. Сессияда туман Кенгаши депутати Икрамов  Собиржон Тешабоевич Кенгаш котибияти мудири этиб тасдиқланди.

Шунингдек, сессияда котибиятнинг икки нафар бош мутахассислари ҳам тайинланди. 2018-2020 йиллар давомида Чортоқ тумани мактабгача талим бўлими мудири лавозимида ишлаган Маматқосимов Фарход Абдусотторович ҳамда Наманган вилоят маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш Чортоқ тумани бўлимининг кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш, ёшларда ватанпарварлик руҳини шакллантириш бўйича мутахассиси Мажидов Мансуржон Рустамжон ўғли котибият бош мутахассислигига тасдиқландилар.

Депутатларлан А.Деҳқанов, Ж.Хамроев, Б.Бағишева, О.Махсудовлар сўзга чиқиб, номзодларни бир овоздан қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.

Сессияда кўрилган масалалар юзасидан Халқ депутатлари туман Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Чортоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

  
© 2014, Namangan viloyat Chortoq tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.chortoq.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.