Султон Увайс Қараний зиёратгоҳининг очилиш маросими ва илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди

Chop kilish

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Абдуғофур Аҳмедов, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Абдулазиз Аққулов, вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Дастлаб Султон Увайс Қараний мақбарасида Қуръон тиловат қилинди. Шундан сўнг меҳмонлар зиёратгоҳ билан таништирилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил июлдаги Наманганга ташрифлари давомида кўрсатилган тавсиялар асосида зиёратгоҳ ҳудуди 5,1 гектарга кенгайтирилди. Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2,1 млрд. сўм сарфланиб, кенг қамровли реконструкция ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Хусусан, 1200 ўринга мўлжалланган масжид, Султон Увайс Қаранийнинг рамзий қабри, кутубхона, меҳмонхона ҳамда эҳсонхона қад ростлади. Кўл қирғоқлари мутлақо янги лойиҳалар асосида ўзгартирилиб, ноёб дарахтлар, гул кўчатлари экилди. Зиёратгоҳ ҳудудини айланиш учун 2 та электромобиль ажратилди.

Зиёратгоҳ музейидан катталиги жиҳатидан Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасида сақланаётган Усмон Мусҳафидан кейинги иккинчи ўринда турадиган Қуръони Карим қўлёзмаси сақланаётгани бу жойнинг нуфузини янада оширади.

—Бугунги кунда Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи нафақат вилоятимиз ёки мамлакатимиз, балки қўшни республикалар, ҳатто хорижий меҳмонлар учун ҳам қутлуғ қадамжога айланган. Яқинда Покистоннинг Панжоб вилояти губернатори Муҳаммад Сарвар бошчилигидаги делегация вилоятимизга ташриф буюрганида мазкур зиёратгоҳда бўлиб, бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишларига юксак баҳо берди. Бундай эътироф шу юрт фарзанди сифатида ҳар биримизга ифтихор ва ғурур бағишлайди, — деди тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов.

Президент Шавкат Мирзиёев Султон Увайс Қараний қадамжосининг аҳамиятини назарда тутиб, бу жой нафақат зиёрат учун, балки ислом оламидаги энг нуфузли анжуманлар ўтказиладиган, илмий-тадқиқотлар олиб бориладиган даргоҳ сифатида хизмат қилиши лозимлигини таъкидлаган эди. Очилиш маросимидан сўнг бу ерда илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Анжуманда “Султон Увайс Қаранийнинг тасаввуфдаги ўрни”, “Увайс Қараний ахлоқий қарашларининг ёшлар тарбиясидаги аҳамияти”, “Қараний ҳақида келган маълумотларнинг қиёсий таҳлили” каби маърузалар тингланди.

  
© 2014, Namangan viloyat Chortoq tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.chortoq.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.