Вилоят ҳокими туманимиз тадбиркорлари билан учрашди

Chop kilish

Бугун мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка алоҳида эътибор қаратилиб, соҳа эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратиб бериш энг асосий вазифалардан бирига айланди. Мазкур жараёнларда эса, тадбиркорлар билан бўлиб ўтаётган юзма-юз мулоқотлар муҳим аҳамият касб этяпти.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров томонидан туманимиздаги Маиший хизмат касб-ҳунар коллежида ўтказилган навбатдаги учрашув айни шу масалага қаратилди. Дастлаб вилоят ҳокими туманимизда тез кунларда амалга оширилиши режалаштирилаётган бунёдкорлик ишларига тўхталди. Хусусан, марказий Деҳқон бозорининг янги лойиҳаси билан таништирар экан, келгуси уч ой ичида замон талаблари даражасидаги, сотувчи ва харидорлар учун кенг қулайликларга эга бўлган савдо комплекси қуриб битказилишини айтиб ўтди. Учрашув давомида тадбиркорларнинг  муаммо, таклиф ва мулоҳазалари эшитилди. Хусусан, тадбиркор Юсуфжон Матаев ўз маблағи ҳисобидан туманда чиқиндиларни қайта ишлаш корхонасини ташкил этмоқчи. Бунинг учун эса, аввало маиший чиқиндиларни тўплайдиган махсус жой зарур. Учрашувда тадбиркор янги бунёд этилаётган «Экобозор» ҳудудидан жой ажратиб беришни сўраб, мурожаат қилди. Бу таклиф вилоят ҳокими томонидан маъқулланди ва тадбиркорга амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқотларда тадбиркорлар томонидан 46 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 10 таси жойида ижобий ҳал этилди. 9 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, қолган 25 таси тегишли идора ва бошқармаларга юборилди ва ижроси назоратга олинди.

  
© 2014, Namangan viloyat Chortoq tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.chortoq.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.