Туман Кенгашининг навбатдаги сессияси

Chop kilish

2019 йил 7 ноябрь куни халқ депутатлари Чортоқ туман Кенгашининг эллик олтинчи сессияси бўлиб ўтди. Туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши раиси Анваржон Отахўжаев олиб борган сессияда туман ҳокимининг ўринбосарлари, ҳокимликнинг гуруҳ ва бўлим раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Халқ депутатлари туман Кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссияси раиси, Чортоқ тиббиёт коллежи директори Гулнора Камалованинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати ва маҳаллий Кенгашлар депутатларига сайлов ўтказувчи участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар тавсия этиш, Халқ депутатлари туман Кенгашига сайлов ўтказувчи туман сайлов комиссияси раиси, МК “Ватанпарвар” ташкилоти туман Кенгаши раиси Илҳомжон Жамаловнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий Сайлов комиссиясининг “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлигини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорини туманда ижросини таъминлаш ҳақидаги маърузалари тингланди.

Шундан сўнг туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Адиба Асрақулова Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” қўшма қарори ҳақида батафсил тўхталди. Мазкур масала юзасидан “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Умурзоқ Саттаров, туман бош имом хатиби Абдуғаффор Фозиловлар ўз фикрларини билдирдилар.   

Кун тартибидаги навбатдаги масала – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 декабрдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий эркинлигини ошириш, маҳаллий бюджетларга тушумларнинг тўлиқлигини таъминлаш бўйича солиқ ва молия органлари жавобгарлигини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5283-сон фармонинингижроси юзасидан туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Бобур Қуралов сўзга чиқди. Таъкидланганидек, 2019 йил 1 октябрь ҳолатига давлат бюджети даромадлари прогнози 123,3 фоизга бажарилиб, 2018 йилнинг мос даврига нисбатан  тушумлар миқдорини 8,8 млрд сўмга ёки 180 фоизга оширишга эришилган. Умуман олганда, маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтиришнинг барча манбалари бўйича кўрсаткичлар ўсган.

Депутатлар шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4102-сон қарорининг тумандаги ижроси, 2018 йил 5 июнь куни Президент раислигида ўтказилган видеоселекторда шаҳар ва туманларда бюджет даромадлари базасини ошириш, янги иш ўринларини ташкил этиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича ишлар натижадорлиги, туманда оғир ва ўта оғир жиноятчиликнинг ҳолати, туман сайлов комиссияси таркибига ўзгартириш ҳамда Халқ депутатлари туман Кенгашининг 2019 йил 30 сентябрдаги 55/573-5-сонли қарори иловасига қўшимча киритиш, сессиялар оралиғида қабул қилинган туман ҳокимининг айрим қарорларини тасдиқлаш, баъзи фермер хўжаликларининг ер майдонларини туман ҳокимлиги захира ер фондига қайтариш бўйича ҳамда фермер хўжалиги юритиш учун ер участкалари бериш ҳақидаги “Очиқ танлов” туман ер реализация қилиш комиссиясининг хулосаларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.

Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.    

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати

 

  
© 2014, Namangan viloyat Chortoq tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.chortoq.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.