Ўрим-йиғим мавсуми олдидан семинар бўлиб ўтди

Chop kilish

Ғалла – миллий бойлигимиз, ризқ-рўзимиз манбаидир. Бу йил Чортоқ туманида 3740 гектар майдонда сара буғдой навлари парваришланмоқда. Ҳозирда 145 та фермер хўжалиги майдонларида бошоқли дон етиштирилиб, уни талофатсиз, нест-нобуд қилмай ўриб олиш асосий мақсад этиб белгиланган. Вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи вакиллари тумандаги Чуст Агросервис МТП МЧЖ да бўлиб, техникалар созлиги, мавсумга тайёргарлигини кўрикдан ўтказишди. Ҳосилни йиғиб олиш учун туманда 14 та отряд  шакллантирилган бўлиб, масъуллар зиммасидаги вазифа, аҳамият қаратиш лозим бўлган жиҳатлар хусусида тушунчалар берилди.

Яратилган ҳосилни йиғиб олиш, уни белгиланган манзилга етказишда энг аввало ёқилғи маҳсулоти жамғарилиши, бундан ташқари техникалар учун зарур эҳтиёт қисмларни вақтида етказиш каби масалаларда туман мутасаддилари фикрлари ҳам тингланди. Ишчи гуруҳи вакиллари томонидан бу каби  жиҳатларга эътибор қаратилди. Оператор ва механизаторлар учун зарур шароитлар яратилгани ўрим-йиғим мавсумида иш унумдорлигини оширади.

Маълумки, ўрим-йиғим ишлари ёзнинг жазирамасига тўғри келади. Айни шу пайтда хушёрликни янада ошириш, техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш, фавқулодда содир бўлиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш ғоятда  муҳим аҳамиятга эга. Тегишли ташкилот ходимлари томонидан оператор ва механизаторларга тушунчалар берилиб, йўриқномалар билан таништирилди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати

  
© 2014, Namangan viloyat Chortoq tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.chortoq.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.