Ўзбекистоннинг энг хушманзара тоғолди ҳудуди иқлимига эга бўлган Чортоқ тумани 1950 йил 15 апрелда ташкил этилган. Шимоли шарқдан Қирғизистон Республикаси, шимолдан Янгиқўрғон, жануби шарқдан Уйчи туманлари, ғарбдан Наманган шаҳри билан чегарадош. Умумий майдони 377 км.кв. 19 та қишлоқ аҳоли пункти, 57 та маҳалла мавжуд.
Ер юзаси шимолдан жанубга ва ғарбдан шарққа томон пасайиб боради. Денгиз сатҳидан 623 метр баландликда жойлашган. Туман ҳудудидан Катта Наманган ва Шимолий Фарғона каналлари, Андижон-Қўқон темир йўли, шунингдек, 217 км масофада 3 та халқаро, 2 та республика даражасида магистрал автомобиль йўли ўтган.
Иқлими – мўътадил, кескин континентал. Қуёшли фурсат йил бўйи 2740 соат. Қулай иқлим иқтисодиётнинг аграр тармоғи, соғломлаштириш муассасалари ҳамда туризмни ривожлантиришга кенг имкониятлар яратади. Чортоқ санаториясига республикамизнинг турли вилоятлари ва қўшни республикалардан даволанувчилар келиб, шифо топиб кетадилар. Чортоқ минерал суви 1953 йилда очилган. Болалар санаторийси ҳам ишлаб турибди. Санаторийда 15 хилдан кўпроқ даволаш усуллари қўлланилади. Даволаш комплексига физиотерапия, иқлим билан даволаш, массаж, пархез овқатлар ва бошқалар киради.
Экологик жиҳатдан сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш саноатини ривожлантириш имконияти мавжуд. Асосий ишлаб чиқариш тармоқлари – пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, паррандачилик, сабзавотчилик, узумчилик, боғдорчилик ва пиллачиликдан иборат. Асаларичилик ва балиқчилик ҳам ривожланиб бормоқда. Туманда ўндан ортиқ миллат вакиллари яшайди.





