Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Чортоқ туманидаги “STANFORD” ўқув марказида хорижий тил сертификатига эга бўлган, олимпиада ва танловларда ғолибликни қўлга киритган ёшлар ҳамда тил ўргатувчи нодавлат ўқув марказлари раҳбарлари билан учрашди.
Дастлаб, вилоят ҳокими ўқув маркази фаолиятига оид тақдимот ҳамда ўқувчиларга яратилган шароитлар билан танишди.
Очиқ мулоқот шаклида ўтган тадбирда хорижий тилларни ўрганиш давр талаби эканлиги таъкидланиб, мамлакатимизда бу борада яратилган имкониятлардан фойдаланаётган юзлаб ёшларимизнинг эришган ютуқлари, ҳар йили хорижий ОТМларда бакалавр ёки магистратурада ўқиб, яхши касб эгалари бўлиб юртимизга қайтишаётгани эътироф этилди.
Самимий руҳда ўтган очиқ мулоқотда ёшлар томонидан асосан ўқув марказлари фаолиятини кенгайтиришга оид масалаларда мурожаатлар бўлди. Шунингдек, ёшлар томонидан халқаро IT ҳамда "Биз ёшлар Ибрат издошларимиз" шиори остида истеъдодли ёшлар Халқаро форумини ўтказиш ҳамда хорижий тилларни ўргатишни ривожлантиришга оид таклифлар ўртага ташланди.
Мурожаатларнинг аксариятига шу жойнинг ўзида ечим топилди. Ўрганиш учун муддат талаб қиладиганлари бўйича тегишли ташкилот раҳбарларига тез фурсатда ечим топиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Вилоят ҳокими очиқ мулоқот давомида чет давлатларнинг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олаётган ёшлар билан ҳам онлайн мулоқот қилиб, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини тинглади.





