Дунё узра мустақил Ўзбекистоннинг байроғи ҳилпирай бошлаганига 32 йил тўлди. Байроғимиз халқаро майдонда мамлакатимизнинг куч-қудрати, мустақиллигимизнинг жаҳон аро ифодаси рамзи бўлиб хизмат қилмоқда.


Давлатимиз байроғи – ўтмиш, бугун ва келажагимизнинг ёрқин тимсолидир. Байроқда руҳиятимиз, меҳр-муҳаббатимиз, ғурур ва ифтихоримиз, Ватанга, халққа, порлоқ келажакка комил ишончимиз мужассамдир. Ўзбекистонимиз байроғи ҳам юртимизда яшовчи 130 дан зиёд миллат ва элатларни ягона мақсад ва ғоя остида бирлаштирувчи муқаддас қадрият, миллатлараро тотувлик белгисидир.
Бу йилги тадбир ҳар йилгидан ўзгача, кўтаринки кайфиятда бошланди. "Ватанпарвар" ташкилоти Чортоқ ўқув спорт техника клуби автомашиналари гуруҳ бўлиб Ватан байроғини баланд кўтарган ҳолда ҳаракатланиб бордилар. Каттаю кичик қўлларида байроқ билан "Ғурумсарой" ҳарбий қисми оркестр жамоаси билан бирга кириб келиши тадбирга ўзгача шукуҳ берди.
Асосий тадбирлар ёзги томошагоҳда давом этди. Дастлаб майдон узра давлат мадҳияси янгради. "Ғурумсарой" ҳарбий қисми оркестр жамоаси ижросида янграган наволар ёш ижрочиларнинг концерт дастури барчада катта таассурот қолдирди.





