Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан юртимизда 1 ноябрдан 30 ноябрга қадар “Кексалар учун туризм ойлиги” ўтказилмоқда. Мазкур хайрли лойиҳа орқали ўзгалар парваришига мухтож, якка ёлғиз яшовчи фуқаролар ҳамда ижтимоий ҳимояга олинган ногиронлиги бўлган шахслар учун Агентликнинг вилоят бошқармаси томонидан вилоятимизнинг диққатга сазовор туризм манзилларига саёҳатлар ташкил этилмоқда.

Куни кеча Чортоқ, Давлатобод, Поп, Чуст, Косонсой туманларида истиқомат қилувчи 130 нафар фуқароларни Чортоқ туманидаги Наима” (Сутли булоқ), “Султон Увайс Қароний” мажмуаси бўйлаб саёҳатга таклиф этилди.
“Султон Увайс Қароний” мажмуаси рамзий дарвоза, мақбара, масжид, музей, айвон, маъмурий бино ва кутубхонадан иборат. Мажмуадаги музейда сақланаётган ҳажм жиҳатдан Ўзбекистон мусулмонлари идорасидаги Қуръони Усмонийдан кейин иккинчи ўринда турувчи Қуръони Каримнинг қўлёзма нусхаси меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Нуронийлар юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини тилаб, дуога қўл очдилар.
Чортоқ туманида ташкил этилган тушлик, 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг “Бир замон – бир Ватан фарзандларимиз” шиори остидаги маданий-маърифий дастури меҳмонларга яхши кайфият бахш этди.
“Эътибор ва ғамхўрликдан хурсандмиз. Вилоятимизда ҳам шундай обод зиёратгоҳларни мавжудлигини кўриб кўзимиз қувонди. Бугунги кун учун ташкилотчиларга раҳмат!”-деди Башорат она Махмудова.





