Йиғилишда Президент Администрацияси масъул ходими Акбаржон Тагаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари ўринбосари Зоҳиджон Тўрақулов, вилоят Маънавият ва маърифат кенгаши аъзолари, тегишли бошқарма, ташкилот ва корхона раҳбарлари иштирок этдилар.
Ҳудудий студиялардан шаҳар ва туманлар секторлари раҳбарлари видеоконференция орқали йиғилишда қатнашдилар.
Йиғилишни вилоят ҳокими, вилоят Маънавият ва маърифат кенгаши раиси Шавкатжон Абдураззақов олиб борди.
Жорий йилнинг 3-4 ноябрь кунлари Республика ишчи гуруҳи томонидан вилоятимизда олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳолати ўрганилди. Дастлаб Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусохон Аппаков мазкур ўрганиш якунлари бўйича тайёрланган ҳисоботни ўқиб эшиттирди.
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззаков глобал миқёсдаги ғоявий таҳдидлар ва ахборот хуружлари даврида, ёт ғоялар, ёт қадриятларни ёшларимиз онгига сингдиришга бўлаётган кенг кўламли уринишлар чоғида миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳимоя қилиш, халқимиз маънавиятини юксалтириш янада долзарб аҳамият касб этаётганини қайд этиб, илм-маърифат орқалигина тараққиётга эришиш мумкинлигини таъкидлади.
Йиғилиш давомида ўрганиш натижалари бўйича масъулиятсизликка йўл қўйган шаҳар-туман ҳокимлари ҳам сўз олиб, аниқланган камчиликлардан тегишли хулоса чиқариб, уларни бартараф этиш бўйича тизимли иш ташкил қилишга сўз бердилар.





