РТТЁМ Наманган вилоят филиали маъмурияти ижтимоий тармоқларда “Чортоқ тумани Алихон тез ёрдам шахобчаси тез тиббий ёрдам машинаси автоҳалокатга учради” деган сарлавҳали фотолавҳага жавобан қуйидагиларни маълум қилади:

2023 йил 26 ноябрь куни Чортоқ туман тез тиббий ёрдам Алихон шахобчаси ҳайдовчиси Нуриллаев Ахрор Аббасович 1988 йил туғилган, тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғлом ҳолда ишга чиқарилган. Тез тиббий ёрдам санитар машинаси 2012 йил ишлаб чиқарилган давлат рақами 50 612 WAA DAMAS санитар машинаси техник ҳолатдан соз бўлган. Ҳайдовчиси Нуриллаев Ахрор Аббасович навбатчиликни қабул қилгандан сўнг фельдшер Турсунов Хамидулло билан бирга дори-дармон олиш учун Алихондан Чортоқ туман тез тиббий ёрдам марказига йўл олган. (ҳайдовчи Исманов Содиқжон ўз хоҳиши билан йўлакай марказга келиш учун чиқиб олган).

Маълумотга кўра, пастки Қорабоғ қишлоғидан ўтиб келаётган вақтда олдинда ҳаракатланиб келаётган йўловчи ташувчи Дамас автомобили тўсатдан тўхтаб олиши натижасида йўл транспорт ҳодисасининг олдини олиш мақсадида қарама-қарши йўналишга чиқиб юборган. Бунинг оқибатида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган кобальт русумли машина билан тўқнашув содир бўлган. Натижада ҳаракатни бошқариб келаётган ҳайдовчиси Нуриллаев Ахрор тўқнашув оқибатида оғир тан жароҳати олган, ёнида ўтириб келган ҳайдовчи шериги Исманов Содиқжон билан биргаликда Чортоқ туман тез тиббий ёрдам шифохонасига олиб келинган. Шифохонада ҳайдовчи Нуриллаев Ахрорга шошилинч ёрдам кўрсатилишига қарамай, ҳаётий номутоносиблик ҳолатида бўлганлиги сабабли шифохонада вафот этган. Ҳайдовчи Исманов Содиқжон “Бош мия ёпиқ шикасти пешона соҳаси шилиниб-йиртилган жароҳати” билан шифохонага ётқизилган, ҳозирда ҳолати қониқарли. Фельдшер Турсунов Ҳамидулло ҳеч қандай тан жароҳати олмаган.

Юқорида ҳолат юзасидан шуни маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, санитар машина техник ҳолати соз бўлганлиги, бу бахтсиз тасодифий йўл траспорт ҳодисаси эканлиги маълум қилинади.

Марҳум Чортоқ туман тез тиббий ёрдам ҳайдовчиси Нуриллаев Ахрор Аббасовичнинг оила аъзоларига республика тез тиббий ёрдам маркази ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маъмурияти томонидан чуқур ҳамдардлик билдирамиз.