Ҳурматли ватандошлар!

Доно халқимиз азал азалдан сувни азиз неъмат билиб, сув чиқарганларни эъзозлаган. Сўз мулкининг султони Алишер Навоий бобомиз ўзининг “Фарҳод ва Ширин” достонида тоғу тошларни ёриб сув чиқариб, халқини бахтиёр ҳаётга етказган мард ва жасур Фарҳодни афсонавий қаҳрамон даражасига кўтарган.

Мамлакатимизда Юртбошимиз ташаббуслари билан сўнгги йилларда сув таъминотини яхшилаш борасида ижобий ўзгаришларни гувоҳи бўлмоқдамиз. Янги каналлар ва ички сув тармоқлари барпо этилмоқда мавжудлари таъмирланмоқда.

Икки дарё оралиғида жойлашган вилоятимизда сув таъминотидаги қийинчиликларга қарамасдан, бозорларимиз йилнинг тўрт фаслида ҳам тўкин, дастурхонларимиз ноз-неъматга тўла, турмушимиз йилдан-йилга фаровонлашиб бормоқда. Бунда ичимлик суви, қишлоқ хўжалиги экинлари, саноат ишлаб чиқариши ва бошқва иқтисодий тармоқларда сув билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишда Ҳурматли Президентимизнинг оқилона ички ва ташқи сиёсат олиб бораётганликлари таҳсинга сазовор бўлиб, ҳаммани қувонтиради.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил сентябр ойида БМТ Бош Ассамблиясининг 78-сессиясидаги маърузасидан нафақат Ўзбекистонимиз балки минтақадаги сув муаммосига алоҳида эътибор қаратиб, “Сув ресурслари бўйича махсус вакиллик” лавозими таъсис этилишини қўллаб-қувватладилар. Марказий Осиёда сувни тежайдиган технологиялар платформасини яратиш жараёнида “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти-сув ресурслари” механизмини ишга солиб, энг илғор технологияларни жалб этиш ва тадбиқ қилиш тарафдори эканлигини таъкидладилар.

Яқиндагина Сурхондарё вилоятига ташрифларида Муҳтарам Юртбошимизнинг  жамоатчилик ва айниқса, биз нуронийлар олдига “Сув текин эмас”, деган ғояни аҳолига чуқур сингдириш, уни маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар ва кенг жамоатчилик билан бирга кундалик турмуш қоидасига айлантириш асосий вазифамиз бўлишлиги лозимлигини ўқтириб, келгусида сув тақчиллиги билан юзага келиши мумкин бўлган муаммоларга бугундан ечимини излашга барчамизни сафарбар этмоқдалар.

Глобал иқлим ўзгариши туфайли сайёрамизда юзага келаётган экологик муаммолар, хусусан, сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.  Бугунги кунда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларида 2 миллиарддан зиёд аҳоли сув танқислигини сезмоқда. Бирлашган Миллатлар ташкилотининг маълумотига кўра, 2,3 миллиард аҳоли эса талабга жавоб бермайдиган, сифатсиз   сувни истеъмол қилишга мажбур бўлмоқда.

Маълумотларга кўра, вилоятимиз аҳолисининг 79,6 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган, шу йилнинг охиригача бу кўрсаткич 82,7 фоизга етказилади. Шунинг билан бирга, 2100 км ичимлик сув тармоқларини эскирганлиги, 2-3 босқичли насослар орқали аҳолига сув етказиб берилиши натижасида аҳолини бир маромда таъминлашда муайян муаммолар вужуд.  

Бундай вазиятда биз-нуронийлар ичимлик ва суғориладиган сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, уни исроф бўлишини олдини олиш ҳамда фойдаланилган сув ҳақларини ўз вақтида тўлаш юзасидан кенг кўламли тарғибот ишларини олиб борайлик. Бугунги кунда “Сувтаминот” давлат унитар корхонасидан 70 млрд.сўм қарздорликни бартараф этишни ҳар бир мутасадди соҳа раҳбарлари ўйлаши лозим.

Ҳурматли фермер хўжалиги бошлиқлари ва кластер ташкилотлари раҳбарлари!

“Ер хазина-Сув гавҳар”-деб доно халқимиз бежиз айтмаган.Инсонни озиқ-овқат билан таъминлашда “Сув-Ер Ҳаво” уйғунлиги катта аҳамиятга эгадир. Мавжуд ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда сизларнинг ўрнингиз ва меҳнатингиз беқиёс. Кейинги йилларда вилоятимизда ҳам сув таъминотини яхшилаш, хусусан, канал ва ариқларни бетонлаштириш, сифонлар орқали суғориш, томчилаб суғоришни жорий этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган бўлсада, бу соҳадаги муаммолар анчагина.

Маълумотларга кўра, вилоятимизда  фойдаланилаётган сувнинг 95,0 фоизи қишлоқ хўжалигада, қолган 5,0 фоизи аҳоли истеъмоли учун ишлатилади. Вилоятимизда 23 фоиз ер майдонлари насослар рқали суғорилади, бироқ 50 фоздан ортиқ насослар хизмат муддати  ошганлиги натижасида сувнинг таннархи  қимматга тушмоқда. Йилига 20 миллион киловат соат электр энергияси беҳуда сарфланмоқда. Ҳозирда 10 минг гектар ернинг сув таъминоти ёмонлигича қолмоқда.

Афсуски, жойлардан катта маблағлар эвазига етказиб берилган сувлардан хўжасизларча фойдаланиш, закан ва ташламаларга оби-ҳаётни беҳуда ташлаб юбориш, бир гектар ер майдонига сарфланиши лозим бўлган нормативларга риоя этмаган ҳолда сув сарфлаб, ерларни эррозия бўлишига йўл қўйишилиши ҳам, ҳақиқат. Маълумотлар кўра, фермерлар хўжаликлари томонидан сув сарфи учун бир гектар ҳисоби атига 10,0 минг сўмдан пул тўланади, холос.

Ҳурматли фермер хўжалиги раҳбарлари ва миришкор деҳқонлар. Марказий Осиёда сув тақчиллиги муаммоси чуқурлашиб бормоқда. Охирги 30 йилда минтақада ҳаво ҳарорти 1,5 градусга кўтарилган. Соҳа мутахассисларининг фикрича дарё ва сойларимизда шаклланадиган музликлар умумий майдонининг қарайиб учдан бир қисмини эриб, тез камаётганини билдиради. Йилдан йилга сув ресурслари камайиб бораётганлигини ўзингиз ҳам ҳис қилиб турибсизлар. Далаларда зовурларга беҳуда оқизиб юборилаётган сувлар, уйларимиздаги жумраклардан оқиб ётган обиҳаётнинг ҳам уволи бор. “Чўпни исроф қилсанг-кўзингга тушади”- деган нақл бежиз айтилмаган.

Биз нуронийлар Сизларни мавжуд сув ресурсларидан оқилона, тежаб-тергаб фойдалинишга чақирамиз. Бунинг учун сувчиларни тайёрлаш, зарур бўлса, ўқитиш ҳамда тажрибали сувчиларга бириктирган ҳолда “Уста-шогирд” усулида сувчилар сулоласини тайёрлаш муҳимдир.

Ҳурматли Маҳалла фуқаролари йиғинлари раислари ва фаоллари, имом-хатибларимиз.

Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида миллионлаб одамлар тоза ичимлик сувига ташна бўлаётган бир пайтда  биз тоза ичимлик сувини жўмраклардан оқизиб қўймоқдамиз. Ҳовлиларимиз ва кўчаларимизга сув сепиб салқинланамиз, тоза ичимлик суви билан экинларимизни суғорамиз, автомашиналаримизни ювамиз. Афсуски, орамизда ўзларига ато этилган турли неъматлар қатори сувни ҳам исроф қилаётган, бебаҳо неъматга бепарво муносабатда бўлаётган кишилар борлиги ғоят ачиналидир. Бундай инсонларни тартибга чақирайлик. Халқимиз, хусусан,  азиз фарзандларимизга сувни исроф қилмасликни ўргатайлик.

Ҳурматли ота-оналар, Устозлар ва мураббийлар, азиз ёшларимиз!

Жорий йилнинг 15 сентябрь куни Тожикистонда бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида ҳам Муҳтарам Президентимиз сув ва бошқа табиий  ресурслардан тежа-тергаб фойдаланиш маданиятини шакллантириш бўйича махсус дастур қабул қилиш, бу борада ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашни минтақавий даражада ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини илгари сурдилар. 

Ҳисоб-китобларга қараганда Марказий Осиёнинг айрим ҳудудларида 2040 йилга бориб сув ресурсларига бўлган эҳтиёж 3 баробарга ошади.

Шундай вазиятда биз бугун юртимиз ва фарзандларимизнинг келажаги учун қайғуришимиз, бу муаммоларни олдини олиш чораларини ҳозирдан кўришимиз зарур.

Сизлардан ҳар бир хонадонда, оила даврасида мактаб, коллеж ва лицей ва техникум ва ОТМларида сувдан оқилона ва тежаб-тергаб фойдаланиш, уни исроф ва ифлос қилмаслик ҳақида тушунтиришлар олиб борайлик.

Халқимизда тома-тома кўл бўлур деган пур маъно нақл бор. Ҳар биримиз бир томчи, бир литр ёки ўн литр сувни тежар эканмиз, бу мамлакатимиз ва вилоятимиз иқтисодига, ҳалқимиз фаровонлиги, эл-юртимиз равнақига, фарзандларимизнинг келгуси бахтли-саодатли ҳаётига қўшаётган энг хайрли ҳиссамиз бўлади.