Чортоқликлар уста деҳқон, ер билан тиллаша оладиган миришкорлардир. Бу азалий салоҳият бугун улар учун яратилаётган имкониятлардан куч олмоқда. Буни 1-сектор ҳудудидаги “Кесканёр” маҳалласи мисолида ҳам кўриш мумкин. Маҳалланинг драйвери - деҳқончилик ва чорвачилик.

Маҳаллада ўз томорқасидан самарали фойдаланаётган хонадонлар сони ортиб бормоқда. Юздан ортиқ хонадон эгалари томонидан субсидия асосида ҳамда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан иссиқхоналар ташкил этилган. Тўқсонбости усулида сабзавотлар парваришланмоқда. Чорвачилик ҳам даромад келтирмоқда.

Туман ҳокими Илҳомжон Саттаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ мазкур маҳаллада бўлди. "Хонадонбай" ўрганишлар олиб борилиб, миришкорларнинг тажрибаси билан ўртоқлашилди. Уларнинг меҳнати эътироф этилди.