Чортоқ туманида ҳам Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан "Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!" шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Унда фахрий қоровулнинг саф элементлари, қўл жанги усталари, ҳарбий оркестр, маданият ходимлари, ёш ижрочи ва спортчиларнинг чиқишлари, "Ватанпарвар" ташкилотининг ўқув машқ автомобилларининг юриши барчага байрамона кайфият улашди.

Тадбирда секторлар раҳбарлари, ташкилотлар вакиллари, нуронийлар ва ёшлар, кенг жамоатчилик иштирок этишди.

Шунингдек,  тадбир доирасида қурол-аслаҳалар ва ҳарбий техникалар кўргазмаси ўтказилди

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда ҳарбий хизматга бўлган иштиёқни ошириш, халқ ва армия якдиллигини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган кўргазмада ёшлар жанговар техника ва қуроллар билан яқиндан танишиб, ҳарбийларнинг шарафли вазифаларига оид қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбирлар бир пиёла чой устида давом этди.

Сўзга чиққанлар тадбир қатнашчиларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан самимий табриклаб, эзгу тилакларини изҳор этдилар. Бир гуруҳ соҳа ходимлари, ҳарбий хизматчи ва фахрийларга, туман ҳокимлигининг ташаккурнома ва байрам совғалари топширилди. Туман маданият бўлими ходимлари ижросидаги куй-қўшиқлар даврага янада файз киритди.