Ишсиз, айниқса, қишлоқ жойларда бола тарбияси билан уйда ўтириб қолган эҳтиёжманд аёллар, шунингдек, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг тадбиркорлик ва миллий ҳунармандчилик орқали бандлигини таъминлаш муҳим масала ҳисобланади.

Чортоқ маданият марказида туман оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган учрашув-мулоқотда шу ҳақда сўз юритилди. Маҳаллаларда мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда бу борадаги фаолиятни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Аёллар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилишга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ хотин-қизлар фаолияти туман ҳокими томонидан эътироф этилиб, ташаккурномалар топширилди.

Иштирокчилар тадбир доирасида ташкил этилган тўқувчилик, тикувчилик, қандолатчилик, паззандачилик, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа бир қатор йўналишлардаги фаолият маҳсули бўлган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишдилар.