Вилоят ҳокимлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раисининг тегишли буйруғи асосида тайинланган Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Икромов Илҳомжон Бурхонович жамоатчиликка таништирилди.

Йиғилишда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раисининг ўринбосари Абдулло Аслонов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Нуриддин Норматов иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижроси доирасида ташкил этилган маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари Уюшмасининг мақсад ва вазифаларига эътибор қаратдилар.
Сўз олганлар Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига вилоят ҳокими томонидан муносиб номзод кўрсатилгани ва тизим олдига қўйилган вазифаларни ҳамжиҳатлик билан адо этишларини билдирдилар.
Илҳомжон Бурхонович Икромов 1966 йил Норин туманида туғилган. Маълумоти олий, 1989 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини, 2002 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1989 йилда Наманган вилояти уй-жой жамғарма банки иқтисодчиси вазифасидан бошлаган.
1992-2020 йилларда молия соҳаси бўйича Наманган вилоят бошқармаларида ҳамда Норин туманида турли лавозимларда фаолият юритган.
2020-2022 йилгача Норин тумани ҳокимининг ўринбосари-маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи вазифасида ишлаган.
Тайинловга қадар Норин тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.





