Кексаларнинг ҳаётий тажрибаси, пурмаъно ўгитлари ёшлар учун ибрат мактабидир. Нуронийларни улуғлаш, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш азалий қадриятларимиздан. Эътиборлиси, бу анъана бугунги кун ҳаётида ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Чортоқ туманидаги 33-мактабда ўтказилган "Уч авлод учрашуви" тадбири маънавий-маърифий тадбирларнинг узвий давоми бўлди.
Туман ҳокимлиги, "Нуронийлар" жамғармаси, маънавият ва маърифат маркази, маданият, мактабгача ва мактаб таълими туман бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир уч авлод вакиллари учун ўзига хос мулоқот мадони вазифасини ўтади.
Тадбирда сўз олганлар дориломон кунлар шукуҳи, нуронийларни улуғлаш, Президентимиз томонидан белгилаб берилган ижтимоий соҳадаги устувор вазифалар, “Мактаб – ота-она – маҳалла” ҳамкорлиги, ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маънавият масалалари, умуман олганда, ёшлар камолига қаратилаётган эътибор, Короскон шаҳарчасининг тарихи, бу табаррук заминдан етишиб чиққан илм аҳли, уларнинг бой мероси хусусида сўз юритдилар.
Тадбир дилтортар куй-қўшиқлар, рақслар ва мактаб ўқувчиларининг чиқишлари билан давом этди. Ташкилотчилар томонидан меҳнат фахрийлари ва меҳмонларга эҳтиром кўрсатилиб, эсдалик совғалари улашилди. Туманда бу каби тадбирлар давом этмоқда.





