Президентимиз томонидан белгилаб берилган ижтимоий соҳадаги устувор вазифалар ижроси юзасидан Чортоқ тумани 3-сектор ҳудудидаги 9-мактабда "Боғ" МФЙ масъулларининг "Мактаб -ота-она-маҳалла" ҳамкорлиги тамойили асосида ота-оналар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Очиқ мулоқот давомида ёшларнинг билимли, ҳунарли, тарбияли, иродали, маърифатли, маънавиятли ҳамда ватанпарвар руҳида вояга етишлари учун ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳақида сўз юритилди.

Туман ҳокими Илҳомжон Саттаров, ИИБ бошлиғи Равшанбек Усубжанов ота-оналарга мурожаат қилиб, фарзанд тарбияси, унинг келажакдаги камолоти ҳақида кўпроқ қайғуришга чақиришди.

Маҳалла фаолларининг бу борадаги фаолияти юзасидан ҳисоботи, келгуси режалари, аҳоли вакилларининг муаммо ва таклифлари эшитилди.

Семинар давомида бир гуруҳ намунали ўқувчиларнинг ота-оналарига туман ҳокимининг ташаккурномалари топширилди. Уларнинг фарзандлари таълим-тарбиясига эътиборлари эътироф этилди.