13 март куни Наманган туманида “Маҳаллалардаги ободонлаштириш ишлари, аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳамда 2024 йил пахта ҳосили учун чигит экиш мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш” юзасидан вилоят кўргазмали семинари ўтказилди.

Вилоят секторлари раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги соҳасига дахлдор ташкилотлар мутасаддилари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари иштирок этаётган семинар “Наврўз” маҳалласидан бошланди.

Наманган шаҳрининг жанубий айланма йўли ёқасига туташ жойлашган ушбу ҳудудда гулчилик оммалашиб бормоқда.  

Хусусан, магистрал йўл бўйи минтақасида “Наманган Наврўз гуллари” МЧЖ томонидан иссиқхоналарда парваришланаётган декоратив гуллар ҳақида маълумот берилиб, кўча ва хиёбонларни ободонлаштиришда қулай ва самарали усул эканлиги таъкидланди.

Семинар иштирокчилари гул етиштиришдаги илғор тажрибалар, айниқса, хонадонларда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.

"Наврўз" маҳалласи драйверига айланган гулчилик ортидан катта даромад топаётган оилалар тажрибаси ўрганилди.

Вилоят кўргазмали семинари иштирокчилари "Олахамак"  маҳалласида бўлдилар.

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ва секторлар раҳбарлари маҳалла еттилиги фаолияти билан танишдилар.

Маҳалла фаоллари ҳамда нуронийлар билан ўтказилган мулоқотда аҳоли даромадларини ошириш, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун томорқалардан унумли фойдаланиш лозимлиги таъкидланди.

Ҳудуд ободлигига эришишда кенг жамоатчилик ҳамкорлиги, айниқса, нуронийлар ибрати эътироф этилди.

Шундан сўнг, "Шўрқишлоқ"  маҳалласи хонадонларида ердан самарали фойдаланиш, иссиқхоначиликни оммалаштириш, чорвачилик ва бошқа қўшимча даромад манбаларини йўлга қўйиш борасидаги тажрибалар ўрганилди.