Шахсга доир маълумотларни йиғиш респондентлар яшайдиган (турадиган) турар жойларни ва бошқа хоналарни айланиб чиқиш чоғида ёхуд маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ушбу мақсадлар учун бериладиган хоналарда респондентлар сўровини ўтказиш ҳамда рўйхатга олиш варақларини тўлдириш орқали амалга оширилади.

Шахсга доир маълумотларни йиғиш ахборот хавфсизлигини таъминлаш талабларини ҳисобга олган ҳолда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш орқали ҳам амалга оширилиши мумкин. Респондентлар сўрови давлат тилида ўтказилади. Давлат тилини билмайдиган респондентлар она тилида ёки эркин равишда танланган мулоқот тилида сўровдан ўтказилиши мумкин. Рўйхатга олиш варақлари рўйхатга олувчи ходимлар томонидан респондентларнинг сўзлари асосида тўлдирилади.Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш муддати ичида яшаш (турган) жойида ҳозир бўлмаган ёки вояга етмаган шахслар бўлган респондентлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар улар уй хўжалигининг вояга етган аъзолари томонидан маълум қилинади. Ўзига нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгиланган шахслар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар уларнинг васийлари ёхуд ҳомийлари томонидан маълум қилинади. Респондент рўйхатга олиш варағидаги саволларга жавоб беришни рад этган тақдирда рўйхатга олиш варағи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидаги ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади. Аҳолини рўйхатга олиш дастурида назарда тутилмаган саволлар бўйича шахсга доир маълумотларни йиғиш тақиқланади. Аҳолининг айрим тоифаларига нисбатан шахсга доир маълумотларни йиғиш Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш санасида чақирув асосида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар бўлган, шунингдек контракт бўйича ҳарбий хизматга жалб этилган ҳарбий хизматчилар бўлган ва уларнинг ёпиқ ҳудудларда яшаётган оила аъзоси бўлган респондентлар ҳақидаги шахсга доир маълумотларни йиғиш ҳарбий қисм командири ёки у ваколат берган шахс томонидан амалга оширилади. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш санасида:болалар интернатларида, тарбия муассасаларида, «Болалар шаҳарчалари»да;ижтимоий муассасаларда;диний муассасаларда;шифохоналарда ва бошқа соғлиқни сақлаш ташкилотларида;қамоқда сақлаш жойларида, тергов ҳибсхонасида, ахлоқ тузатиш муассасаларида ва махсус муассасаларда яшаётган (бўлган) респондентлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотларни йиғиш ушбу қисмда назарда тутилган муассасалар ҳамда ташкилотлар маъмуриятлари томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари ходимлари бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда уларнинг ўзи билан бирга бўлган оила аъзолари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотлардаги квоталанган лавозимларга юборилган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан рўйхатга олиниши лозим. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган чет давлатлар доимий ваколатхоналарининг, халқаро, ҳукуматлараро ташкилотлар ва чет давлатлар ҳукумат ташкилотлари ваколатхоналарининг ходимлари бўлган чет эл фуқаролари ҳамда уларнинг оила аъзолари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ дипломатик имтиёзларга ва иммунитетга эга бўлган бошқа шахслар рўйхатга олинмайди.

Чортоқ тумани статистика бўлими