Чортоқ туманида  9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Наманган вилояти суди томонидан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда “Нуроний” жамғармаси вилоят кенгаши раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов, меҳнат фахрийси Ботирали Ҳакимов, суд фахрийлари ва судьялар иштирок этдилар. Меҳмонлар дастлаб “Короскон тарихий музейи”ни айланиб, бу ердаги тарихий экспонатлар, ўтмишдан сўзловчи осори-атиқалар, кўҳна китоблар билан танишдилар. Тадбирнинг асосий қисмини Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов очиб, барча фахрийларни 9 май – Хотира ва қадрлаш куни билан муборакбод этди. Шу ерда байрамга муносиб туҳфа сифатида Наманган вилоятида судлар тарихига бағишлаб ёзилган “Мозийга бир назар...” номли китоб-альбом тақдимоти ҳам ўтказилди.

Тадбирда сўз олган фахрийлар кейинги йилларда мамлакатимизда суд идоралари ҳамда судьяларга қаратилаётган эътибор хусусида гапириб, мазкур жараёнларда айниқса, тизимда кўп йиллар меҳнат қилган фахрийларни қўллаб-қувватлаш борасида ижобий ишлар олиб борилаётганини таъкидладилар. Ушбу фикрлар тасдиғини одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилган судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилганида ҳам кўриш мумкин. Хотира ва қадрлаш куни байрами арафасида ана шундай соҳа фидойилари Маҳмуджон Қурбонов ҳамда Файзулла Жалилов “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирландилар.

Тантанали тадбирда шунингдек, узоқ йиллар суд тизимида самарали фаолият олиб бориб, кўплаб шогирдлар тарбиялаган, айни кунларда қутлуғ 50 ёшни қарши олган жиноят ишлари бўйича Чуст тумани судининг архив мудири Дилоромхон Раҳимовага Олий суд раисининг фахрий ёрлиғи ҳамда вилоят суди раисининг табрикномалари топширилди. 

Суд фахрийларига эъзоз ва эҳтиром кўрсатилиб, уларнинг ҳар бирига судлар тарихига бағишлаб ёзилган “Мозийга бир назар...” номли китоб-альбом ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Самимий суҳбатлар санъаткорларнинг куй-қўшиқлари оҳангида, бир пиёла чой устида давом эттирилди.