Умумхалқ байрами – “Хотира ва қадрлаш куни” ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги муносабати билан инсоният тинчлиги ва осуда ҳаёт учун жонини тиккан, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш,

бугун сафларимизда туриб, ёшларни юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар соҳиби сифатида камол топтиришга ҳисса қўшаётган нуроний отахон-онахонларни, фахрийларни эъзозлашга бағишланган тадбирлар, тантаналар кенг кўлам касб этмоқда.
Чортоқ туманида 9 май - Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбир аввалида иштирокчиларга “Шараф ленталари” улашилди.
Туман ҳокими Илҳомжон Саттаров, туман ҳокимининг ўринбосарлари, секторлар раҳбарлари, тегишли ташкилотлар вакиллари, нуронийлар ва ёшлар иштирокида “Мотамсаро она” ёдгорлик мажмуаси пойига гул қўйилиб, Ватан учун жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига таъзим бажо қилинди.
Ўтганларни хотирлаб, пок руҳини шод этиш, кекса ёшдаги кишиларни эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш инсонпарварлик намунасидир. Бу қадрият бугунги кунда янада ўзгача мазмун касб этмоқда.
Чортоқ туманида Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан байрам дастурхони ёзилди. Ўтганлар хотирланиб, дуои фотиҳа қилинди.
Сўзга чиққанлар иштирокчиларни байрам билан самимий табриклаб, эзгу тилакларини билдиришди. Меҳнат фахрийларининг дил сўзлари мазмун-моҳиятида бугунги дориломон кунларни қадрига етиш, шукрона билан яшаш мужассам бўлди.
Ҳозирда Чортоқ туманида фронт орти меҳнат фахрийлари 34 нафарни ташкил этмоқда. Ўтганларни хотирлаш баробарида уларга ҳар қанча эъзоз-эҳтиром кўрсатсак шунча кам.





