Уруғмевали дарахтларнинг бактериал куйиш касаллигини Erwinia amylovora бактерияси келтириб чиқаради. Бу касаллик билан асосан раъногулдошлар (олма, нок, беҳи) оиласига мансуб ўсимликлар зарарланади.

Касаллик белгилари. Касалланган дарахтларнинг гуллари тўсатдан сўлиб, қораяди. Барглари буралиб, қораяди ва новдаларда осилиб қолади (тушмайди). Пишмаган мевалар ҳам қорайиб қурийди, тушиб кетмайди. Новда учлари ёки гулдан бошланган касаллик аввал новдага, кейинчалик шохларга, ҳатто илдизгача етиб боради. Дарахт оловдан куйганга ўхшаб қолади. Ёш шох ва новдалар пўстлоғининг зарарланган жойлари кейинчалик гоммоз экссудат кўринишида пўстлоққа оқиб чиқувчи суюқликдан бироз шишади. Оқиб чиққан суюқлик дастлаб рангсиз бўлиб, аста-секин қуйилиб,қаҳрабо-сариқ ёки тўқ қўнғир рангга киради. Ана шу оқиб чиққан суюқлик шу касалликнинг бошқа ўхшаш касалликлардан фарқлайди. Касалликнинг ривожланиши. Инфекция манбаи эски боғлардаги касалланган дарахт, зарарланган уруғ ва кўчат ҳисобланиб, бактериялар ёмғир томчилари, зарарли ҳашаротлар, асаларилар, қушлар ёрдамида тарқалади. Касаллик боғ асбоблари билан кесиш ва пайванд қилиш даврида юқиши мумкин. Касалликнинг инкубацион даври 3–4 кундан 6–10 кунгача чўзилиши мумкин. Куйишнинг дастлабки белгилари пайдо бўлгунча минимал ҳарорат 14°С дан юқори бўлиши зарур. Дарахтларнинг зарарланиши ҳаво ҳарорати 18°С ва ундан юқори бўлганда содир бўлади. Бактериянинг ривожланиши учун қулай ҳарорат 30°С бўлиб, 45–50°С да улар ўлади. Ёзда ўсимликлар касалликдан тузалганга ўхшасада, баҳорда дарахт танасида сув югуриши билан «ўйғониб», бутун ўсимлик бўйлаб тарқалади. Мевалари ёш, пишмаган даврда зарарланади, пиша бошлаган ва пишган меваларда касаллик ривожланмайди.
Қарши кураш. Касалликни қўзғатувчи бактерия бўлганлиги сабабли унга қарши сепилган фунгицидларнинг ҳеч бири таъсир этмайди. Мис сульфати бактерияни ўлдира олмайди, бироқ унинг ривожланишига ноқулай шароит туғдиради. Дарахтларда касаллик аломатлари бор бўлса, 0.5дан 1.0% гача мис купаросини аралашмаси (Бордо суюқлиги ҳам бўлади) куртаклар 0.5см ўсган пайтда сепиб, дарахтнинг ташқи қисмида касаллик кўпайиши олдини олиш мумкин. Пакана пайвандтаглар касалликка жуда чалинувчан ҳисобланади. Зарарланган дарахтларнинг 5–15% кузга бориб томирдан қурийди. Гуллашдан кейин гул тожибарглар тўкилгандан сўнг касаллик зарари камаяди, шу сабабли азот солишни теримдан кейин ёки кузда амалга оширилади. Гул ёки новдаларда касаллик аломатлари кўриниши заҳоти уларни кесиб олиб йўқ қилиш керак, акс ҳолда ҳар бир кечиктирилган кун сабабли кейинги куни 6 баробар кўп кесишга ёки зарарга тўғри келади.
Шерзод Юсупов, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Чортоқ туман бўлими фитосанитар назорати давлат инспектори





