Халқимизда “Меҳнат қилган инсон элда азиз”, деган пурмаъно ибора бор. Чортоқлик фидойи педагог, самимий ва камтарин инсон Абдуллажон Ўринбоев табаррук 80 ёшни қаршилади.

У узоқ йиллик меҳнат фаолияти давомида ўқитувчи, мактаб директори ўринбосари, халқ таълими бўлими мудири каби масъул лавозимларда ишлаган. Кўплаб ўқувчи-ёшларнинг юрагида ҳаётга, келажакка мустаҳкам ишонч уйғотган. Таълим-тарбия соҳасини ривожлантириш борасидаги хизматлари муносиб тақдирланиб, "Дўстлик" орденига сазовор бўлган. Ҳозирда ҳам Чортоқ тумани нуронийлар жамоатчилик кенгаши фаоли сифатида ёшлар таълим-тарбияси, оилалар мустаҳкамлиги ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Бугун фахрий муаллифнинг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, вилоят "Нуронийлар" жамоатчилик кенгаши раиси Икромхон Нажмиддинов, вилоят суди раиси Алишер Усманов ҳамда вилоят ва туман фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этилар.
Тадбирда юбилярнинг нафақат педагог, балки тажрибали раҳбар сифатида ҳам таълим-тарбия ривожи учун қўшган беқиёс ҳиссаси ва бошқа хайрли ишлари бугунги кунда ҳам ибрат экани алоҳида қайд этиб ўтилди.
Абдуллажон ота Ўринбоевга самимий тилаклар билдирилиб, урф-одатларимизга биноан тўн ва дўппи кийдирилди.





