Президент Администрацияси ҳузуридаги республика ишчи гуруҳи Чортоқ туманида фаолият олиб бормоқда. Бу жараёнда секторлар кесимида оғир ҳудудлар ва маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Уйма-уй юрилиб, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ва коммунал соҳалардаги муаммоларига ечим топиш чоралари кўрилмоқда.
2-сектор ҳудудидаги "Балиқкўл" маҳалласида ўтказилган ўрганишлар якуни бўйича аҳоли талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, вилоят марказидаги ихтисослашган тиббий муассасалар тор соҳа мутахассислари иштирокида аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Жараёнга, лаборатория таҳлиллари ва инструментал текширувлардан тўлиқ ўтказиш мақсадида УЗИ, ЭКГ, ҳамда офталмомобил ва маммограф автобуслари жалб қилинди. Тиббий кўрикда 400 нафардан зиёд фуқаро қамраб олиниб, 200 нафардан ортиғига соғломлаштириш учун амбулатор ва стационар даво муолажалари тавсия қилинди. Бу тадбирдан, айниқса, туман марказидан қарийиб 40, вилоят марказидан эса 60 километр узоқда жойлашган маҳалла хотин-қизлари ва кексалар беҳад қувондилар.
Яна бир муҳим йўналиш – аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ушбу маҳаллада “Бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Унда тумандаги 74 та корхона, ташкилот ва муассасалар ўзларида мавжуд 1188 та бўш иш ўринлари билан қатнашдилар.
Тадбир давомида 55 нафар иштирокчи ўзларига маъқул келган ишларга жойлашдилар. Шунингдек, 15 нафари касбга йўналтирилди, 30 нафари ўзини ўзи банд қилинди, 20 нафарига оилавий тадбиркорлик йўналишида кредит олишга кўмаклашилди, 30 нафарига зарур тавсия ва тушунчалар берилди.
Айни пайтда Республика Ишчи гуруҳининг Чортоқ туманидаги ўрганишлари давом этмоқда.





