Дастлаб саноат корхоналарининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича туман Ишчи гуруҳи штаби фаолияти билан танишилди.

Туман савдо-саноат палатаси биносида ташкил этилган мазкур штабда масъуллар билан мулоқот қилди. Аниқланган муаммоларни туман, вилоят, республика даражасидаги масалаларга ажратган ҳолда тезкор ҳал этиш зарурлиги таъкидланди.
Ўрганиш давомида саноат корхоналарининг мавжуд муаммоларини тезкор ва сифатли ҳал этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Чортоқ туманидаги "Лангар ота" қадамжоси обод ва кўркам зиёрат туризми объектига айлантирилади
Чортоқ тумани муқаддас қадамжолари, сўлим табиати ва ҳавоси, шифобахш сувлари билан оғизга тушган. Ласкидон маҳалласидаги Лангар ота зиёратгоҳи ана шундай муқаддас қадамжолардан.
Бу ердаги кўҳна тут дарахти Лангар отанинг ерга санчган ҳассасидан кўкарган дейишади. Лангар ота вафот этганларидан сўнг шу ерга дафн этилгани ҳақида маълумотлар бор. Ушбу хосиятли тут дарахти ҳозирга қадар яшнаб турибди.
Қадамжони обод ва кўркам зиёрат туризми объектига айлантириш мақсадида ҳомийлик асосида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари давом эттирилмоқда.
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бу масканда олиб борилаётган кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди. Туман фаоллари, маҳалла аҳли, нуронийлар иштирокида жонлиқ сўйилиб, эзгу тилаклар билан дуои фотиҳа қилинди.
Вилоят ҳокими шу ернинг ўзида ДХХ кубоги мусобақасининг республика босқичига йўлланмани қўлга киритган "Ласкидон" маҳалласи ёшларидан иборат футбол жамоаси билан учрашди
Спортсевар ёшлар мусобақанинг вилоят босқичида Тўрақўрғон туманининг “Боғишамол” жамоаси билан кечган финал ўйинида ғолибликни қўлга киритиб, республика баҳсларига йўлланма олишган эди.
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Президентимиз бошчилигида юртимизда барча соҳалар қатори спортга қаратилаётган эътибор ҳақида тўхталди. Навбатдаги ғалаба ҳам яратиб берилган ана шу имкониятлар самараси эканини таъкидлаб, спортчиларни тақдирлади.
"Ласкидон" ёшларидан иборат футбол жамоаси аъзоларига самимий тилаклар билдирилиб, мусобақанинг республика босқичида ҳам омадлар тиланди. Ўз навбатида ёш спортчилар бундай эътибор ва қўллаб-қувватлашдан миннатдор эканликларини ҳамда вилоятимиз шарафини ҳимоя қилиб, ёруғ юз билан қайтишларини билдирдилар.
Вилоят ҳокими "Ласкидон" маҳалласидаги ўрганишлари давомида хонадон томорқасидан фойдаланиш масаласига эътибор қаратди
Томорқаси борнинг хазинаси борлиги рост. Бунинг исботини томорқасида турли маҳсулотлар, мевалар етиштираётган, иссиқхоналар ташкил этиб, фаровон ҳаёт кечираётган Чортоқ тумани “Ласкидон” маҳалласидаги миришкор хонадон соҳиблари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Деярли ҳар бир хонадонда томорқадан самарали фойдаланиб, даромад олаётганлар кўпчиликни ташкил этади.
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов маҳалланинг "Бирдамлик" кўчасида яшовчи Мирзаолим Раҳимов хонадонида бўлиб, томорқадан фойдаланиш ҳолати билан танишди. Сайҳунобод тажрибаси асосида ўзини ўзи банд қилиш орқали аҳоли даромадини ошириш масаласига эътибор қаратди.
Бу борадаги ишларни янада ривожлантириш, шу каби намунали хонадонларни кўпайтириш, улар тажрибасини оммалаштириш бўйича фикрлар билдирилди.
"Ласкидон" маҳалласидаги мактабгача таълим ташкилоти тубдан янгиланмоқда
Чортоқ туманида 2024 йил ижтимоий ва ишлаб чиқариш ривожлантириш дастурига киритилган 8 та ижтимоий соҳа объектининг 3 таси мактабгача таълим ташкилоти ҳисобланади.
Жумладан, "Ласкидон" маҳалласидаги 30-сонли мактабгача таълим ташкилоти ҳам 2024 йил инвестиция дастури асосида тубдан янгиланиб, лойиҳа қиймати 4.2 млрд сўм бўлган 150 ўринли янги бино қурилмоқда.
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов кейинги манзилда ушбу объектда бўлиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишди. Жараёнларни тез ва сифатли амалга ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди. Шу ернинг ўзида аҳоли вакиллари, нуронийлар билан учрашиб мулоқотда бўлди. Албатта бу каби ўзгаришлар маҳалладошларни хурсанд қилади.
"Ласкидон" маҳалласидаги 5-мактаб ҳам 30-сонли мактабгача таълим ташкилотига монанд янги қиёфа касб этади
Вилоят ҳокими Чортоқ туманидаги ўрганишларини давом эттириб, 5-мактабда янги ўқув йилига ҳамда сайлов жараёнларига тайёргарлик ишларини кўздан кечирди
"Ласкидон" маҳалласидаги мазкур билим даргоҳи 30-сонли мактабгача таълим ташкилоти билан бир ҳудудда ёнма-ён жойлашган.
Мактаб 420 ўринли бўлиб, ўқув биноларини тубдан янгилаш, замон талаблари даражасида шароит яратишга зарурат туғилган. Ўрганиш давомида айни шу жиҳатга эътибор қаратилди.
- Мактабни келгуси йил инвестиция дастурига киритиб, мукаммал реконструкция қилиш чораларини кўрамиз,-деди вилоят раҳбари.





