Маҳалла ёшлари ўртасида катта қизиқишга сабаб бўлаётган Давлат хавфсизлик хизмати кубоги учун футбол ҳамда мини-футбол мусобақаларининг нуфузи ва географияси йилдан йилга ортиб бормоқда.

Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўғил болалар ўртасида футбол ва мини-футбол ҳамда қизлар ўртасида мини-футбол бўйича ДХХ кубоги мусобақаларининг икки босқичи мамлакатимиздаги мавжуд 208 та туман ва шаҳардаги 19698 та маҳалла футбол жамоаларидаги 251 минг 502 нафар навқирон авлод вакилларини яшил майдондаги шиддатли учрашувларда жам этди.
Жорий йилнинг апрель-май ойларида юртимиздаги туман/шаҳарлар кесимида биринчи босқич баҳслари ўтказилган бўлса, июнь-июль ойларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида иккинчи босқич мусобақалари бўлиб ўтди.
Ниҳоят, кутилган дамлар етиб келди. 19-23 август кунлари «Бунёдкор» футбол академияси майдонларида саралаш, финал ўйини эса 24 август куни пойтахтимиздаги «Жар» стадионида бўлиб ўтади.
Шу муносабат билан «Бунёдкор стадионида ўйинлар олдидан 42 та жамоани гуруҳларга бўлиш учун қуръа ташлаш маросими ташкил этилди.
Қуръа ташлаш маросимида иштирок этган мутасаддилар мусобақанинг аҳамияти, маҳоратли футболчи ёшларни танлаш, саралашда ДХХ кубогининг ўз ўрни борлигини алоҳида таъкидлади.
Биргина шу йил ўтказилган биринчи ва иккинчи босқич мусобақалари якунларига кўра, ўз истеъдодини намойиш этган 729 нафар ёш футболчилар маҳаллий футбол клубларининг селекционерлари назарига тушди. Уларни клубларга жойлаштириш ишлари олиб борилаётгани ДХХ кубоги кашфиётлар майдони сифатида ном қозонаётганини англатмоқда.
Мисолларга эътибор қаратсак, маҳалла босқичида иштирок этган Қоракўл туманининг 20 нафардан зиёд футболчи қизлари Бухоро вилоятидаги футбол жамоаларига жалб этилган бўлса, Самарқанд, Фарғона, Навоий, Жиззах Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг юзга яқин талантли футболчи ёшлари ҳам ДХХ кубогидаги иштироки туфайли турли профессионал футбол клублари эътиборини қозонди.
Айтиш лозим, бу йилги ДХХ кубогининг республика босқичида ўғил болалар ўртасида футбол ва мини-футбол бўйича ғолиб бўлган жамоалар маҳалласига мини-футбол майдони, 2-ўринни эгаллаган жамоалар учун баскетбол ва волейбол ўйинлари учун мўлжалланган универсал спорт майдони, 3-ўринни эгаллаган жамоалар маҳалласига эса «Стритбол» спорт майдони қуриб берилиши назарда тутилган.
Қизлар мусобақасида ғолиб ва совриндор бўлган жамоалар эса пул мукофоти билан тақдирланиши белгиланган.





