Бир ойлик ҳарбий хизмат кечиктирилиши мумкин. Чунки «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги 21-моддасига кўра чақирилувчиларнинг муддатли ҳарбий хизматга, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш ҳудудий комиссиянинг қарори асосида уларнинг оилавий шароитига кўра, саломатлигига кўра, ўқишни давом эттириши учун амалга оширилади.

Чақирилувчиларнинг муддатли ҳарбий хизматга ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиш муддатини оилавий шароитга кўра кечиктириш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
1) чақирилувчининг ота-онаси меҳнатга қобилиятсиз бўлиб, уларни боқиши шарт бўлган меҳнатга қобилиятли вояга етган бошқа ўғли бўлмаса. Ота-онанинг меҳнатга қобилиятсизлиги қонунчиликка мувофиқ аниқланади;
2) чақирилувчининг меҳнатга қобилиятли ёлғиз онаси ёки отаси бўлиб, уларнинг қарамоғида ўн олти ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ фарзанди бўлгани ҳолда меҳнатга қобилиятли вояга етган бошқа ўғли бўлмаса;
3) чақирув кунида чақирилувчининг туғишган ака-укаларидан бири муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бўлса;
4) чақирилувчининг онасиз тарбияланаётган вояга етмаган бир фарзанди бўлса;
5) чақирилувчининг биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган хотини ва вояга етмаган икки ва ундан ортиқ фарзанди бўлса.
Чақирилувчини унинг ота-онаси вафот этганлиги, улар узоқ муддат бетоблиги муносабати билан ёки бошқа узрли сабабларга кўра камида беш йилдан бери ўз қарамоғида сақлаётган шахслар унинг ота-онасига тенглаштирилади.
Чортоқ туман Адлия бўлими
ЮХКМ бош юристконсулти : С.Сатимов





