Никоҳни қайд этиш фақат никоҳланувчи шахсларнинг иштирокида амалга оширилади. Никоҳ никоҳ тузишни хоҳловчи шахслар бу тўғрида белгиланган намунадаги ёзма ёки электрон ариза билан мурожаат этган кундан кейин бир ой ўтгач улардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органи томонидан қайд этилади.

Никоҳланувчилардан бири бетоблиги сабабли ФҲДЁ органига кела олмайдиган истисно ҳолларда никоҳ тузилганлиги шифохонада, уйда ёки бошқа тегишли жойда, никоҳланувчи иккала шахснинг иштирокида қайд қилинади. Далолатнома ёзувининг «Белгилар учун» устунида бу ҳақда тегишли белги киритилади.
Никоҳга кириш ҳақидаги аризани беришда шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, яъни паспорт, ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси ёки ҳарбий билети кўрсатилиши керак. Агар никоҳ тузишни хоҳловчи ҳарбий хизматчи никоҳга кириш ҳақидаги аризани хизматни ўтаётган жойида берса, у ҳолда тегишли ҳарбий қисм ёки муассаса жойлашган манзил ҳарбий хизматчининг яшаш жойи ҳисобланади.
Агар бирон-бир сабаб билан никоҳ тузувчиларнинг иккаласи айни бир вақтда келиши имконияти бўлмаса, у ҳолда ФҲДЁ органига аризани улардан бири бериши мумкин, бу ҳолда кела олмаган шахснинг имзоси белгиланган тартибда тасдиқланган бўлиши лозим.
Қонунчиликда алоҳида ҳолатлар ҳам борки истисно тариқасида (агар ота-онаси ва никоҳга кираётган ёшлар Ўзбекистон Республикасининг турли ҳудудларида ёхуд унинг ташқарисида яшаб турган бўлсалар) никоҳланувчи шахсларнинг илтимоси ва отаси ёки онасининг ёзма аризасига кўра никоҳ ота-онасининг ёки улардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органида ҳам қайд этилиши мумкин.
ФҲДЁ органи мудири узрли сабаблар бўлганда ҳамда аризачиларнинг илтимосларига кўра бир ойлик муддатни қисқартириши мумкин. Бунда узрли сабабларни тасдиқловчи — болаларининг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари, тиббиёт муассасасининг келиннинг ҳомиладорлиги ёки бир тарафнинг касаллиги ҳақидаги маълумотномаси, хизмат сафари тўғрисидаги гувоҳнома ва шу каби ҳужжатлар кўрсатилади.
Чортоқ туман Адлия бўлими
ЮХКМ бош юристконсулти : З.Султонова





