Қисқартириш муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилишда ходимга огоҳлантириш хати беришнинг ҳам ўзига ҳос жиҳатлари бор. Баъзи бир низоли ходимлар бўлади, иш берувчидан келган исталган ҳужжатларни рад қилади улар. Огоҳлантириш хати мисолида ҳам шундай ҳолат учраб туради.

Биз огоҳлантириш хати бўйича ходимнинг рад этиш ҳаракатлари ҳақидаги далолатномаларни тузишда аксарият иш берувчилар кўпинча хатога йўл қўяди деб ҳисоблаймиз. Масалан, шунчаки огоҳолантириш хатини олишдан бош тортганлик ҳақидаги далолатнома у қадар пухта ҳужжат эмас. Бизнингча, огоҳлантириш бўйича ходимнинг рад этиш ҳаракатлари ҳақидаги далолатномада: огоҳлантириш хатининг мазмуни ходимга ўқиб эшиттирилганлиги, огоҳлантириш хатининг бир нусхаси ходимга тақдим этилганлиги, бироқ ходим уни қабул қилмаганлиги учун ходимнинг иш столига қўйилганлиги, огоҳлантириш хатининг бир нусхасига имзо қўйиб бериш таклиф этилганлиги, лекин ходим имзо қўйишдан бош тортганлиги каби маълумотлар ҳам кўрсатилиши керак. Агар, шу огоҳлантириш хатининг ўзида ходимга бошқа ишга ўтиш таклифи ҳам билдирилган бўлса, далолатномада ходимнинг таклифга нисбатан муносабати (рози ёки норозилиги)ни ҳам қайд этиб ўтиш мақсадга мувофиқ.

Ходим ноқонуний ишдан бўшатилиб суд орқали тикланганда унинг ўрнига олинган ходимнинг тақдири нима бўлади?

Корхонада масалан, бир ходим ноқонуний бўшатилди ва уни ишга тиклаш керак, аммо иш берувчи унинг ўрнига бошқа ишчи олиб қўйган вазият айнан олиб қўйилган ишчининг кейинги меҳнат фаолияти ҳақида кетмоқда. Бундан вазиятда иш берувчи ходим ишга тикланди деб унинг ўрнига олинган ишчи билан меҳнат шартномасини бекор қилиб юбориши нотўғри. Меҳнат кодексининг 144-моддасига асосан агар меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат вазифасига доир ишни холисона сабабларга кўра давом эттириш имкони бўлмаса, иш берувчи ходимга унинг мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган бошқа ишга ўтказишни, бундай иш бўлмаган тақдирда эса иш берувчида мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт.

Бу вазиятда ҳар хил ҳолат бўлиши мумкин корхонада бошқа иш йўқ ёки таклиф қилинаётган ишга ходим кўнмаса, иш берувчи ходим билан меҳнат шартномасини МКнинг 168-моддаси биринчи қисм 22-банди шу ишни илгари бажариб келган ходимнинг аввалги ишга тикланганлиги муносабати билан меҳнат шартномасини тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра бекор қилинади.Албатта бу ерда ходимга бошқа иш таклиф қилишни унутманг. Бундан ташқари ходимга бошқа кафолатланган тўловларни тўлаш лозим. Биринчидан, унга ишлаган стажига мос ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш лозим. Бунда ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади ва уч йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун — ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан кам бўлмаслиги керак. Иккинчидан, меҳнат кодекси 100-моддаси биринчи қисмига кўра шу ишни илгари бажариб келган ходимнинг ишга тикланганлиги муносабати билан бекор қилинганда учинчи ой учун ҳам аввалги иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақини олиш ҳуқуқига эга.

Ўриндошларга "больничный" тўланадими?

Вазирлар Маҳкамасининг 18.10.2012 йилдаги 297-сонли қарори билан тасдиқланган "Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида"ги низомнинг 18 бандига асосан Ўриндошлар ўриндошлик асосидаги иш жойи бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси олиш, аёллар эса, бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари олиш ҳуқуқига эгадир. Соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси иш жойидан нафақа олиш учун асос ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2015 йил 20 мартдаги 25-сон буйруғи билан тасдиқланган "Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида"ги йўриқноманинг 19-бандига асосан Ўриндошлик асосида ишловчи ходимга ўриндошлик бўйича ишлайдиган иш жойига тақдим қилиши учун асосий иш жойига тақдим қилинадиган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномасининг даволаш-профилактика муассасаси бўлим мудири томонидан тасдиқланган нусхаси берилади.

Чортоқ туман Адлия бўлими ЮХКМ бош юристконсулти: И. Жанатиллаев

Чортоқ туман Адлия бўлими ЮХКМ бошлиги: М.Ҳайдаров.

Чортоқ туман Адлия бўлими ЮХКМ бош юристконгсулти: З.Султонова