МКнинг 200-моддасида иш берувчи ходимларнинг ишга келиши ва ишдан кетиши ҳисобга олинишини ташкил этиши шарт эканлиги белгилаб қўйилган.Ишга келишни ва ишдан кетишни ҳисобга олиш белгиланган шаклдаги иш вақтидан фойдаланиш табелларида ҳамда бошқа ҳужжатларда юритилади, шунингдек, аппарат, аппарат-дастурий ва дастурий воситалар ёрдамида қайд этилиши мумкин.

Лекин баъзи ташкилотлар иш фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари, иш шароитлари – яъни сменали иш, мослашувчан иш вақти режими ёки масофавий иш ҳамда вахта ишида иш вақтининг ҳафталик ҳисобини юритишга имкон бермайди. Шунинг учун ҳам бу каби баъзи тоифа ходимларга иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш қўлланилиши лозим. Иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш (қисқаси ИВЖҲО) Меҳнат кодексининг 199-моддаси билан мустаҳкамланган. Шарт шуки, ҳисобга олиш даври учун иш вақтининг давомийлиги иш соатлари нормасидан ошмаса, ИВЖҲО жорий этилиши мумкин. Бунда ҳисобга олиш даври 12 ойдан, кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги эса 12 соатдан ошмаслигига эътибор қилиш керак. Бунинг учун иш вақтини ҳисобга олиш жадваллари ишлаб чиқилади. Жадвалга кўра айрим ходимлар иш вақти камроқ, баъзилар эса кўпроқ иш бажаришларига ҳам тўғри келиши мумкин. Қулайлиги эса ташкилотда иш тўхтаб қолмайди. Кўпроқ иш бажарган ходимларнинг иш вақтидан ташқари ишлари МКнинг 190-моддасидаги чегарадан чиқиб кетмаслиги назоратга олинади ҳамда бу ходимларга ортиқча иш соатларига ҳақ тўлаш МКнинг 262-моддасига мувофиқ амалга оширилади. Бу иш берувчилар учун бир қатор қулайликлар яратиб беради.
Чортоқ туман Адлия бўлими ЮХКМбош юристконсулти И.Жаннатиллаев





