Наманган вилоятида бўлиб турган Қатар Давлати тадбиркорларидан иборат делегация Чортоқ туманидаги ишлаб чиқариш объектлари ва бошқа диққатга сазовор масканлари билан танишдилар.

Меҳмонлар дастлаб "Chortoq mineral water" корхонасида бўлишди.

Чортоқ минерал суви туманнинг брендига айланган. Хорижий давлатлардан технологик ускуна ва дастгоҳлар ўрнатилиб, янги қувватлар ишга туширилган.

Шифобахшлиги бўйича Грузиянинг “Боржоми”сидан  қолишмайдиган Чортоқ минерал суви 507 метр чуқурликдан олинади. Маъданли сув ошқозон-ичак тизими, жигар, ўт пуфаги йўллари, ошқозоности бези ҳамда қандли диабет каби хасталикларни даволашда кенг қўлланилади.

Туман ҳокимлиги, вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси, корхона вакиллари иштирокидаги мулоқотда хорижий ишбилармонларга Чортоқ туманининг тадбиркорлик, экспорт, туризм ва бошқа имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Меҳмонлар корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнлари ва маҳсулотлар сифатини эътироф этишди.

Қатарлик ишбилармонлар кейинги манзилда "Chortoq resort" дам олиш ва соғломлаштириш масканида бўлиб, бу ердаги кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида қад ростлаган объектлар билан танишдилар.

Қаровсиз бўлган адирлик ўрнида барпо этилаётган мазкур сиҳатгоҳ вилоятда тиббиёт туризми ҳамда экотуризмни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар очиши таъкидлаб ўтилди.

Замонавий оромгоҳ ўзининг бетакрор табиати, тоза ҳавоси ва мижозлар учун яратилаётган шароитлари билан меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Шундан сўнг меҳмонлар ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай бўлган Чортоқ сув омбори қирғоқ минтақаси имкониятлари билан таништирилди.