Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова Чортоқ туманида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Ўрганишларнинг дастлабки манзили "Обод диёр" ва "Гулшан" маҳаллаларидаги саноат корхоналари бўлди. "NF textile" МЧЖда 22 нафар аёл иш билан таъминланган. "Melex tex" МЧЖда 55 нафар аёл меҳнат қилмоқда. Уларнинг 25 нафарини "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларни ташкил этади.
Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова тадбиркорлар фаолиятига юқори баҳо берди. Мулоқотлар давомида бу каби соҳаларга қизиқувчи хотин-қизларни секторлар кесимида ўқитиб, касб-ҳунарли қилиш ва даромад топишга ўргатиш зарурлигини таъкидлади.
Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова Чортоқ туманидаги ўрганишлари давомида “Chortoq sadaf shifo” МЧЖ фаолияти билан ҳам танишди
Чортоқ ўзининг сиҳатгоҳлари, сўлим табиати билан ном қозонган. Туманга келувчилар оқими ва эҳтиёжнинг ортиб бораётгани туфайли йилдан йилга дам олиш масканлари сафи кенгаймоқда.
"Оромгоҳ" маҳалласида ишга туширилган “Chortoq sadaf shifo” МЧЖ туман аҳолиси ва меҳмонларга хизмат кўрсатмоқда.
Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 7 миллиард сўм бўлиб, диагностика, амбулатор-станционар шароитида даволаш ва бошқа муолажалар йўлга қўйилган. Жумладан, ултратовуш, клиник ва биохимик лаборатория текширувлари, физиотерапия, азонатерапия, маъданли сув ҳамда игна билан даволаш хизматлари кўрсатилади. Асаб ва ички касалликлар бўлими юз ўринга эга. Замонавий диагностика, даволаш жиҳозлари билан таъминланган кўркам ва шинам ушбу шифо масканида 35 та янги иш ўрни яратилди.
Сиҳатгоҳда яратилган шароитларни кўздан кечиририлиб, шифокорлар билан суҳбатлашилди.
Кейинги манзил 1-сон касб-ҳунар мактаби бўлди
Бу ерда ташкил этилган кўргазмадан Чортоқлик тадбиркор, ҳунарманд, касаначи аёллар томонидан тайёрлаган маҳсулотлар, қўл меҳнати намуналари ўрин олди. Шунингдек, бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ҳам ўтказилди.
Бу каби тадбирлардан кўзланган мақсад кўргазма орқали касаначилик билан шуғулланаётган ҳамда ҳунарманд ва тадбиркор аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар томонидан тайёрланган маҳсулотлар савдосига кўмаклашиш, ёшларга бу йўналишдаги илғор тажрибаларни тарғиб қилишдан иборат.
Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова кўргазма билан танишиб, яратилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда устоз-шогирд анъанаси асосида ўзини ўзи банд қилиш орқали аёллар бандлигини таъминлаш, оилалар давомидани ошириш зарурлигини таъкидлади.
Чортоқ туманидаги ўрганишлар давомида Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова 40-мактабда бўлиб, "Психологик маслаҳатхона" билан танишди
Зарурий жиҳозлар билан таъминланган мазкур хона турли стресс ва қалтис вазиятларда аёлларни психологик қўллаб-қувватлаш, улар орасида руҳий зўриқишларнинг олдини олишга ёрдам беради.
Қолаверса, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза қидишда муҳим аҳамият касб этади.
Жамиятда аёлларга нисбатан ҳурмат ва адолатни таъминлаш масъуллар олдидаги муҳим вазифа экани таъкидланиб, зарур тавсиялар берилди.





