Чортоқ туманидаги 17-сонли мактабгача таълим ташкилотининг 4-тайёрлов гуруҳи тарбияланувчилари - Фаррух Баҳриддинов ҳамда Муҳаммадамин Турсунпўлатовлар яқинда Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтказилган халқаро 

олимпиадада ментал арифметика йўналиши бўйича 9 та давлат вакиллари орасида фахрли 3-ўринни эгаллашди. Фаррух Баҳриддинов Чортоқ туманининг "Янгобод" маҳалласида истиқомат қилади. Оилада тўнғич фарзанд. Отаси тадбиркор, онаси ўқитувчи.

— Оила ва таълим даргоҳи ўртасидаги муштараклик болалардаги қобилиятни ривожлантиришда бош омил бўлмоқда,- дейди тарбиячи Жамила Азизова . — Ҳар икки тарбияланувчимиздан умидимиз катта, улар навбатдаги олимпиадаларда ҳам муваффақият қозониб, Хуршида Убаевадан ўрганган ментал арифметика сирларини маҳорат билан намоён қилишади.

Чортоқ тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.