Чортоқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамда дахлдор ташкилотлар масъул ходимларига профилактик тадбирлар ўтказиш жараёнида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан йўриқнома ўтказилди.

Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарияти ва туман ҳокими Илҳомжон Саттаров бошчилигида ўтказилган йўриқномада аҳоли яшаш хонадонлари, халқ хўжалиги масканлари ҳамда хусусий секторларда куз-қиш мавсумида иситиш ностандарт қўлда ясалган газ, электр иситиш анжомларидан фойдаланмаслик, иситиш печи дудбуронларини тегишли ташкилот мутахассислари орқали тозалатиш ва суюлтирилган пропан газ баллонларидан белгиланган қоида талаблари асосида фойдаланиш бўйича тарғибот ишларини кучайтириш юзасидан тушунтириш берилди.
Ишчи гуруҳ аҳоли хонадонлари, кўп қаватли уйлар, қурилиш объектлари, бозор ва тадбиркорлик субъектларида кун давомида фаолиятини давом эттиради.
Эрталабки йўриқномадан сўнг «Бешкапа» ва «Дўстлик» маҳаллаларида аҳоли яшаш ва кўп қаватли хонадонларни ёнғинга қарши ҳолати ўрганилди.
Содир бўлиши мумкин бўлган ёнғин, чақнаш ва ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан тушунтирилиб, аниқланган камчиликлар ўз ўрнида бартараф этилди ҳамда иситиш печлари мўриконлари тозалатилди.
«Байналмилал» маҳалласида қурилаётган кўп қаватли уйни ишчи-хизматчилари техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш юзасидан тушунтирилиб, тунги вақтда иситиш мосламаларидан фойдаланишда қоидаларга риоя қилиш юзасидан қўшимча йўриқнома берилди.
Шунингдек, «Чортоқ саноат савдо комплекси» бозорида махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилди. Қутқарувчиларни кўнгилсиз ҳодисалар юзага келганда тўғри ва аниқ ҳаракат қилиш, фавқулодда вазиятлар оқибатларини ўз вақтида бартараф этиш борасидаги билим ва кўникмалари синовдан ўтказилиб, шартли равишда содир бўлган ёнғинни бартараф этишда дахлдор ташкилотлар ходимлари йўналишлари бўйича ҳаракатлари кўрсатиб берилди.





