2024 йил 21 ноябрь кунининг ўзида туманнинг 3 та ҳудудида кўчат экиш акцияси ташкил этилди. "Бешкапа" маҳалласидаги "Ёшлар тадбиркорлик ва саноат зонаси" ҳудудида ўтказилган тадбир байрамона тус олди.

Секторлар раҳбарлари, меҳнат жамоалари, нуронийлар ва ёшлар бу ерда яратилаётган "Маҳалла боғи"га кўчат экдилар.
Вилоят "Нуронийлар" жамоатчилик Кенгаши раиси Икромхон Нажмиддинов, туман ҳокими Илҳомжон Саттаров сўзга чиқиб, яшил майдонларни кенгайтиришнинг аҳамияти ҳақида тўхталдилар.
Шундан сўнг жонлиқ сўйилиб, оқсоқолларнинг дуоси билан боғ ҳудудида кўчат экишга киришилди. Бу ерга ноёб манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Кўчат экиш ишлари "Қорабоғ" маҳалласида давом эттирилди. Бунинг учун "Оқ йўл ота" қабристонига ёндош бўлган адирлик ҳудудида 2 гектардан ортиқ майдон тайёрланди. Хайрли ишлар аввалида жонлиқ сўйилиб, эзгу тилаклар билан дуои фотиҳа қилинди.
Туман ҳокими, секторлар раҳбарлари, маҳалла фаоллари, экология бўлими, ободонлаштириш бошқармаси ва бошқа меҳнат жамоалари иштирокида 1000 тупдан зиёд арча, япон сафораси, павлония, каталпа ва бошқа турдаги дарахт кўчатлари экилди. Хайрли ишлар давом этирилиб, туман марказидан ўтган автомобиль йўллари бўйлаб павлония ва бошқа турдаги кўчатлар ўтқазилди.





