Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.11.2024 йил “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини амалга оширишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 758-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, мазкур қарорнинг 5-иловаси билан “Алоҳида ҳоллар учун ходимларнинг ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқаришнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида” ги низоми тасдиқланган. Мазкур Низомнинг 2-бобида Таътил вақтида сақланиб қолинадиган ўртача иш ҳақи миқдорини аниқлаш тартиби белгилаб берилган.

Унга кўра, Ходимга ҳар йилги меҳнат таътили учун ҳақ тўлаш ва фойдаланмаган таътил учун пулли компенсация тўлаш учун (шу жумладан, иш вақти жамлаб ҳисобга олинганда) ўртача иш ҳақи Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 257-моддаси ўнинчи қисмига мувофиқ ҳисобланган ўртача кунлик иш ҳақини таътил кунлари, шу жумладан, фойдаланмаган таътил кунлари сонига (якшанба ва байрам кунларидан ташқари) кўпайтириш орқали белгиланади. Бошқа ҳолларда ўртача иш ҳақи ўртача кунлик иш ҳақини иш кунлари сонига кўпайтириш орқали белгиланади. Ходим меҳнат таътилида бўлган даврда тариф ставкалари (лавозим маошлари) миқдори оширилган тақдирда, ташкилотнинг янги меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари асосида ишлайдиган кунларига тўғри келадиган амалдаги иш кунлари сонидан келиб чиқиб, меҳнат таътили ҳақи қайта ҳисоб-китоб қилинади, яъни иш ҳақи оширилган вақтдан бошлаб таътил тамом бўлган кунгача бўлган давр учун ўртача иш ҳақининг бир қисмига тузатиш киритилади. Ходим таътилдан чақириб олинса ва таътилнинг қолган қисми бошқа муддатга кўчирилса, таътилнинг фойдаланилмаган қисми кунларига ҳақ тўлаш учун ўртача иш ҳақи белгиланган тартибда ҳисоблаб чиқилади ва таътилнинг кўчирилган кунларига тўғри келадиган тўланган ўртача иш ҳақи суммаси бажарилган иш ёки ишланган вақт учун ойлик иш ҳақи ҳисобига ёзилади Таътил қисмларга бўлинганда сақлаб қолинаётган ўртача иш ҳақи белгиланган тартибда ҳар бир қисм учун алоҳида ҳисоблаб чиқилади.
Чортоқ туман Юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсульти С.Сатимов





