Чортоқ тумани 8-умумий ўрта таълим мактабидаги ҳолат бўйича муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси бошлиғи Аъзамжон Исаков, туман ИИБ вакиллари, бошқарма аппарати ҳамда унинг тасарруфидаги шаҳар-туманлардаги раҳбар ва ходимлар зум платформаси орқали иштирок этди.

Жорий йилнинг 17-декабрь куни Чортоқ тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган рейд натижасида 8-умумий ўрта таълим мактаби директори ўз хизмат хонасида қимор ўйини ташкил этиб, шериклари билан ўйнаётганлиги аниқланган.
Мазкур илм маскани директори томонидан содир этилган ҳолат қаттиқ танқид остига олиниб, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилингани таъкидланди. Таълим муассасаларининг барча раҳбарлари ташкилот меҳнат тартиби ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларига бирдек бўйсиниши лозимлиги, юклатилган лавозим мажбуриятларии яна бир бор эслатиб ўтилди.
Шунингдек, йиғилишда вазирлик кўрсатмасига асосан Янги йил байрамини нишонлаш баҳонасида ўқувчилар ва педагог ходимлар томонидан ноқонуний пул йиғимларини ташкил этиш, байрамни ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш шохобчаларида ўтказиш, қолаверса, ўқувчилар, уларнинг ота-оналари томонидан таълим ташкилоти раҳбарияти ва педагог ходимларга турли хил совғалар тақдим этиш қатъиян тақиқланганлиги юзасидан огоҳлантирилди.





