Бутун республикамизда бўлгани каби Чортоқ туманида ҳам Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланмоқда.
Бугун ушбу шонли сана муносабати билан маданият марказида “Янги Ўзбекистон армияси мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда туман ҳокимлиги, ташкилотлар вакиллари, ҳарбий хизматчилар, фахрийлар ва ёшлар иштирок этишди.
Туман ҳокими Илҳомжон Саттаров тадбир қатнашчиларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан табриклаб, самимий тилакларини билдирди.
Бир гуруҳ соҳа ходимлари, ҳарбий хизматчи ва фахрийларга, туман ҳокимлигининг ташаккурнома ва байрам совғалари топширилди.
Ҳарбий фахрий, полковник Достон Тўланов чегараларимиз мустаҳкамлиги, юртимиз тинчлигини таъминлашда соҳа ходимларининг хизматини эътироф этиб, доруломон кунлар шукронаси ифодаси бўлган бундай тадбирлар ва кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром учун миннатдорлик изҳор этди.
Тақдирлаш маросимидан сўнг Ватан ҳимоячилари куни байрам тадбири иштирокчилари эътиборига концерт дастури намойиш этилди.
Маданият ходимлари, ёш ижрочиларнинг чиқишлари даврага янада файз киритди. Ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар янгради.
Байрам тадбири иштирокчиларда катта таассурот қолдирди, ўқувчи-ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Чортоқ туманида ўтказилган тадбир доирасида қурол-аслаҳалар ва ҳарбий техникалар кўргазмаси ўтказилди
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда ҳарбий хизматга бўлган иштиёқни ошириш, халқ ва армия якдиллигини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган кўргазмада ёшлар жанговар техника ва қуроллар билан яқиндан танишиб, ҳарбийларнинг шарафли вазифаларига оид қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар.
Ёш ижрочилар ва спортчиларнинг чиқишлари намойиш этилди.
Чортоқ туманида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир кўтаринки руҳда давом этди.
Байрам дастурхони атрофида дилдан суҳбатлашилди. Туман ҳокимининг ўринбосари Дилфуза Ҳакимова, мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, подполковник Азамат Саноев, ҳарбий фахрийлар иштирокчиларни байрам билан муборакбод этишди. Бир гуруҳ ҳамюртларимизнинг соҳадаги фаолиятлари эътироф этилди.





