Меҳнат кодексига 174-моддасига биноан агар ходим ишдан қонунга хилоф равишда бўшатилса бунинг ҳуқуқий оқибатлари қандай бўлиши келтириб ўтилган. Ушбу мақолада ана шу оқибатларни бирма-бир таҳлил қилиб ўтамиз. Меҳнат кодексининг 174-моддасига мувофиқ ўзи билан меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилинган ходимнинг унга аввалги ишини тақдим этиш ҳамда ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги талаблари қаноатлантирилиши лозим.

Ходимга аввалги ишининг тақдим этилиши бу ходимнинг ишга тикланиши деб тушунилади.Ушбу нормага биноан моддий зарар нималардан иборат эканлиги келтириб ўтилган бўлиб улар қуйидагилар: 1. Мажбурий прогул (бу иш берувчининг айби билан ходим ишлаш имкониятидан маҳрум бўлган пайт). Бунинг мазмуни шундан иборатки, қонунга хилоф равишда ходим ишдан бўшатилгандан сўнг ўз-ўзидан у ишсиз қолади ва пул ишлаш имкониятидан маҳрум бўлади. Ана шу маҳрум бўлган вақт мобайнида ходим қанча маош олиши мумкин бўлса, шу маош иш берувчи томонидан қоплаб берилади. Қоплаб бериш миқдори эса ходимнинг ўртача ойлик иш ҳаққига асосан ҳисобланади. 2. Меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги устидан шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатларни компенсация қилиш. Унга кўра ходим судга мурожаат қилишдан олдин юридик маслаҳатлар олган ёки адвокат ёллаган бўлиши мумкин. Адвокатлар ва мутахассислар маслаҳати ҳам албатта пуллик бўлади. Ушбу пул миқдори ҳам иш берувчи томонидан қоплаб берилади. Чунки агар ходим ноқонуний ишдан бўшатилмаганида эди у адвокат ёллаш ёки юридик маслаҳатлар олиш учун пул сарфламаган бўлар эди. 3. Шу жумладан иш берувчи томонидан маънавий зиён ҳам қоплаб берилади. Маънавий зиён бу ходим ноқонуний равишда ишдан бўшатилганлиги сабабли кечирган руҳий азобланишлари ҳисобланиб, улар депрессия, сиқилиш, тушкунликка тушиш кўринишида бўлиши мумкин. Иш берувчи юқоридаги маънавий зиённи ҳам қоплаб бериши шарт. Маънавий зиённи компенсация қилиш миқдори иш берувчининг ҳаракатларини баҳолашни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан белгиланади, лекин бу миқдор ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас. Юқоридаги модданинг асосий хусусиятларидан яна бири ва энг муҳими қуйидаги қоида ҳисобланади: Суд ишга тиклаш ўрнига ходимнинг илтимосига кўра унинг фойдасига уч ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда қўшимча товон ундириши мумкин. Ушбу қоиданинг ходимга қулайлик томони шундан иборатки, ходим судда ютиб чиққанидан сўнг ишга тикланади аммо иш берувчи томонидан қўшимча тазйиқларга учраши мумкин. Булар сирасига тирноқ ичидан кир қидириш, меҳнат интизомини қонундан четга чиқмаган ҳолда қаттиқлаштириш, ишга тикланган ходим устидан назорат ўрнатиш кабилар киради. Чунки судда ютқазган иш берувчи ютиб чиққан ходимга нисбатан адоватли бўлиб қолиши мумкин. Бу каби шароитда эса ишлаш жуда қийин ва ишга тикланган ходимдан катта сабрни талаб этади. Шунинг учун ходим ишга тиклаш ўрнига 3 ойлик ўртача иш ҳаққидан кам бўлмаган миқдорда қўшимча товон пулини олган ҳолда бошқа иш қидиришни афзал кўриши мумкин.

Чортоқ туман адлия бўлими ЮХКМ бошлиғи: